ҚИЛИЧБОЗЛИК — спорт тури, қоида асосида тиғли спорт қуроллари — рапира, қилич, шамшир (шпага) воситасида яккама-якка ўтказиладиган мусобақа. Спортчилар махсус тўрли ниқоб, ҳимоя воситаси бор оқ кийим ва қўлқоп кияди. Берилган (турткиукол) ларни қайд этиш учун рапира ва қилич мусобақасида кийим, шамшир мусобақасида шамширнинг ўзи электрон тизимга уланади. Рапира (уз. 110 см; оғирлиги 500 г) мусобақасида кийилган металл нимчага, қилич (105 см; 500 г) мусобақасида гавданинг белдан юқори қисмига, шамшир (110 см; 770 г) мусобақасида гавданинг барча қисмига туртки берилади. Мусобақалар эни 2 м, уз. 14 м йўлақда 3 мин. дан 3 давра (танаффус 1 мин. дан) 5—15 турткигача олиб борилади. Даврада ҳисоб тенг бўлиб қолса, қуръа ташланади ва қўшимча белгиланган 1 мин. вақт ичида биринчи туртки берган спортчи ғолиб саналади. Агар томонлар туртки бера олмаса, ғолиб ташланган қуръага кўра аниқланади.
Қиличбозлик қадимдан кишилик жамияти турмуш тарзининг бир қисми бўлган, спорт тури сифатида эса 15—16-а. лардан Испания ва Италияда шакллана бошлаган. 1517 й. италиялик А. Мароцци Қиличбозлик бўйича илк ўқув қўлланмасини яратди. 17-а. охирларида Францияда Қиличбозлик қоидалари ишлаб чиқилди ва мусобақалар ўтказилди. 1896 й. дан Қиличбозлик олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. 1913 й. да Халқаро Қиличбозлик федерацияси (Ғ1Е) тузилди, унга 120 давлат (Ўзбекистон 1992 й. дан) аъзо (2005). 1937 й. дан Қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати ўтказиб келинади. Қиличбозлик АҚШ, Венгрия, Германия, Италия, Польша, Россия, Руминия, Франция, Хитой каби давлатларда кенг ривожланган.
Ўзбекистонда Қиличбозлик спорт тури сифатида 20-а. нинг 50-й. ларидан оммалашди. 1954 й. дан Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Республикада Қиличбозликнинг ривожланишида Ксения тожиева, Иосиф Маркин, Дмитрий Иценко, Пўлат Абдураззоқов, Игорь Артишкин, Шавкат Турдиқулов каби мураббийлар катта ҳисса қўшишди. Собир Рўзиев, Александр Парахин, Виталий Логвин, Валерий Захаревич, Светлана Филимонова, Аниса Петрова, Бахтиёр Ғаниев, Дилором Каримқулова сингари қиличбозлар олимпиада ўйинлари, жаҳон чемпионати ва б. нуфузли мусобақаларда совриндор бўлишган. Ҳоз. кунда Ўзбекистондаги 13 та Қиличбозликка ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва тўгаракларда 46 нафар мураббий қўл остида 648 киши (189 нафари аёл) Қиличбозлик билан шуғулланади (2005).
Ад:. Тишлер Д. А., Булочка К. Т., Фехтование, М., 1967; Абдурасулова Г. Б., Сиддиков М. Э., Книга тренеров по фехтованию, Т., 1991.