ҚИР ЧИГИРТКАСИ, турон чигиртка — тўғриқанотлилар туркумига мансуб ҳашарот. Ғалла экинлари зараркупандаси. Ўрта Осиё ва Қозоғистонда тарқалган. Эркагининг катталиги 24—32 мм, урғочиси 35—50 мм. Сони сариқ ёки кулранг, болдири ташқи томонидан сарғиш, ички қисми оч қизғиш. Май ўрталарида личипкаси чиқади. Ривожланиш даври 40—45 кун. Асосан, лалмикор ерларда яшаб, ғалла экинларига зарар келтиради. Кураш чоралари: агротехника тадбирларига риоя қилиш ва заҳарли хўраклардан фойдаланиш.