ҚИРҒИЗ ТИЗМАСИ — Шимолий Тяньшандаги тизма. Асосан, Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Унинг ғарбий қисмининг шим. ён бағри Қозоғистон Республикаси ҳудудида. Уз. 380 км. Кенглик бўйлаб ғарбда Тароз ш. дан, шаркда Чу дарёсининг Бўўм дарасигача чўзилган. Энг баланд жойи 4857 м (Ғарбий Аламуддин чўққиси). Қирғиз тизмаси каледон бурмаланиши даврида шаклланган ва янги тектоник ҳаракатлар таъсирида кўтарилган антиклинорий. Палеозой даври гранит, гранодиорит, порфирит, оҳактош, конгломерат, қумтош каби жинсларидан тузилган. Шим. ён бағри қия, жан. да Чу водийсини ўз ичига олган. Ён бағирларида 2500 м гача дашт, ўрмонлар (қорақарағай, арча), ундан юқорироқда суб-альп ўтлоқлари бор. 3700 м баландликдан қор ва музликлар бошланади (музликларнинг умумий майд. 223 км2). Тизмада Чу водийсининг Марказий Тяньшан ва Жан. Қирғизистонни боғловчи бир неча довон (Тёс-Ашуу, бал. 3586 м, Шамси. бал. 3570 м ва б.) мавжуд. ТёсАшуу довонидан Бишкек ва Ўш ш. ларини боғловчи автомобиль йўли ўтган. Термал булоқлар бор.