ҚИРҒИЗЛАР

ҚИРҒИЗЛАР — халқ, Қирғизистоннинг асосий аҳолиси (2,23 млн. киши). Ўзбекистон (175 минг киши), Тожикистон (64 минг киши), РФда (42 минг киши, 1990-й. лар ўрталари), шунингдек, Хитойда (150 минг киши, 1987 й.) яшайди. Қирғиз тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар.

Қирғиз номи илк бор геэгунь шаклида хитойча «Ханшу» («Хан сулоласи тарихи»; мил. 1-а.) йилномасида мил. ав. 203 й. ги воқеалар баёнида тилга олинади. Қирғизларнинг келиб чиқиши ҳақида турли қарашлар мавжуд, хусусан уларнинг Енисей қирғизлари деб аталмиш халқдан тарқалгани масаласи мунозарали. Қирғизларнинг илк этник тарихи қад. қабила иттифоклари (ҳунлар, динлинлар, саклар ва усунлар) билан боғлиқ. Турк хоқонлиги ва кўчманчи давлат уюшмалари даврида (6—10-а.), кейинчалик қ. таркибига кирган қабилалар Саян-Олтой, Иртиш бўйи, Шарқий Тяньшаннинг туркий аҳолиси орасида шаклланганлар. Қирғизларнинг бир қисми 9 — 12-а. ларда, катта қисми эса ўрта асрлар давомида ғарбга кўчиб, иссиқкўл атрофлари, Еттисув ҳавзаси, Тяньшан (Тангритог) ён бағирлари, Фарғона водийсининг тоғолди ҳудудлари ва Дашти Қипчоқ ўлкаларига бориб жойлашган.

Қирғизларнинг асосий қисми Тяньшан ва Иссиқкўл оралиғини макон тутиб, бу ердаги бир неча туркий қабилалар билан биргаликда ҳоз. қирғиз халқини ташкил қилган. Қирғиз халқи таркибига, шунингдек, Еттисув ва Мовароуннаҳрнинг туркий қабилалари, жумладан қарлуқлар ва уйғурлар, кейинроқ мўғул қабилалари, 16—17-а. да эса келиб чиқиши қозоқнўғайлар билан боғлиқ қабилалар кирган. Қирғизларнинг бир қисми бошқа туркий халқларнинг этногенезида қатнашган. Хусусан, 92 ўзбек уруғига оид шажараномаларнинг барчасида қирғиз этноними қайд қилинган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг бир нсча вилоятларида қирғиз номи этнотопоним сифатида сақланиб қолган.

Қирғизлар қўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик, айрим туманларда деҳқончилик билан шуғулланган (яна қ. Қирғизистон).

Loading...