
ҚИРҚБЎҒИМДОШЛАР
ҚИРҚБЎҒИМДОШЛАР — қирқбўғимнамоларга мансуб ўсимликлар оиласи. Ягона қирқбўғим туркумидан иборат. Пояси яшил, оддий, бўғимларга ажралган. Барглари ривожланмаган, майда, туморчасимон, пастки қисми қўшилиб ўсиб, бўғимининг тагида ҳалқа бўлиб жойлашади. Пояси учида спорали бошоқ (стробила) ҳосил қилади. У ўзак ва унда ҳалқа бўлиб жойлашган қалқон шаклидаги спорофиллардан иборат. Спорофиллар ичида 5—10 та спорангий, улар ичида эса споралар етишади. Споралардан ривожланган эркак гаметофитларда антеридий, урғочи гаметофитларда эса архегоний ҳосил бўлади. Антеридийда кўп хивчинли сперматозоидлар, архегонийда эса тухумҳужайра вужудга келади. Уруғлангандан сўнг гаметофит бир ёки бир неча жинссиз насл (спорофит) беради. Жинссиз ва жинсий бўғимлар галланади. Қирқбўғимдошларнинг ҳозирги вақтда яшаб турган қирқбўғим туркуми, уруғи қуриб битган эквизетитес туркумининг схизоневра тури ва б. маълум.