ҚИШЛОҚ АҲОЛИСИ — мамлакат жами аҳолисининг вилоят ва туманлардаги қишлоқ-овулларда яшайдиган қисми. Қишлоқ аҳолисининг аксари қисми, асосан, деҳқончилик, чорвачилик ёки қ. х. нинг бошқа турлари билан машғул бўлади. мамлакат иқгисодий ривожланган сари саноатда ишловчилар салмоғи ортиб, бутун аҳоли таркибида Қишлоқ аҳолиси салмоғи камайиб боради (қ. Шаҳар аҳолиси). 19-а. бошларида қишлоқларда жаҳон аҳолисининг 95—97%, 20-а. бошларида қарийб 85% яшаган бўлса, 1970 й. да 65% дан камроғи истиқомат қилди. Айниқса, ривожланган мамлакатларда Қишлоқ аҳолиси салмоғи анча паст. Мас, Буюк Британияда 11%, Германияда 12%, АҚШда 21% га яқин. Баъзи мамлакатларда шаҳарларнинг эко-логик шароити оғирлашиб бориши ва транспортнинг ривожланиши натижасида аҳоли шаҳарлардан қишлоқларга кўчиб ўтиши жараёни кузатилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шаҳар аҳолисининг ўсиш суръати пасайиб кетди. Қишлоқ аҳолисининг шаҳар аҳолисига нисбатан жадалроқ кўпайиши натижасида Ўзбекистонда шаҳар аҳолисининг улуши пасайиб бормоқда. Республикада Қишлоқ аҳолисининг ўсишига аҳоли табиий кўпайиши кўрсаткичлари (асосан, туғилиш)нинг кўпайиши ҳам сабаб бўлмокда. Мас, 1991 й. да мамлакат аҳолисининг 59,5% ни қишлоқ, 40,5% ни шаҳар аҳолиси ташкил этган бўлса, 2004 й. да бу кўрсаткич мос равишда 63,5% ва 36,5% дан иборат бўлди, яъни Қишлоқ аҳолиси салмоғи 4,0% га ошган. Ҳозирда Ўзбекистоннинг қишлоқжойларида туғилишнинг умумий коэффициенти (ҳар 1000 кишига нисбатан туғилганлар сони) 22,4 ни, туғилишнинг махсус коэффициенти (ҳар 1 та 15—49 ёшдаги аёлга нисбатан болалар сони) 2,75 ни ташкил қилади. Ўзбекистонда янги иқтисодий ислоҳотларнинг жорий этилиши, бозор муносабатларининг шаклланиши ва б. Қ. а. нинг демографик вазиятига маълум даражада таъсир этди.
Нафиса Мажидова.