ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МЕТЕОРОЛОГИЯСИ — қ. х. учун аҳамиятли бўлган иқлим, метеорологик, гидрологик ва тупроқ шароитлари билан қ. х. ишлаб чиқариши объектлари ва жараёнлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни алоқадорликда ўрганувчи фан. Агроиқлимшунослик, агрогидрология, қ. х. фенологияси агрометеорологик хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Қишлоқ хўжалиги метеорологияси физика, геогр., биол., тупроқшунослик ва б. қ. х. фанлари билан чамбарчас боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги метеорологиясининг асосий вазифалари: қ. х. ишлаб чиқаришидаги метеорологик ва иклим шароитлари шаклланиш қонуниятларини географик ва вақт жиҳатларидан ўрганиш; метеорологик омилларнинг агробиоценозлар ривожи, ҳолати ва маҳсулдорлигига, қ. х. экинлари зараркунандалари ва касалликларининг ривожланиши ва тарқалишига таъсирини тадқиқ қилиш; иқлим ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадларида қ. х. экинларини жойлаштириш ва уларни парвариш қилишнинг агротехник тадбирларини агрометеорологик асослаш; агрометеорологик прогноз усуллари ва тавсиялар ишлаб чиқиш; об-ҳаво ва иқлимнинг ноқулай ҳодисаларини ўрганиш ва уларга қарши қураш чораларини ишлаб чиқиш ва б.
Қишлоқ хўжалиги метеорологияси экинларининг ривожланиш шароити ва ҳосилдорлигини белгиловчи ташқи муҳитдаги асосий ва иккинчи даражали омилларнинг миқдорий қийматларини аниқлаш учун Қишлоқ хўжалиги метеорологиясида қуйидаги тадқиқот усуллари қўлланилади: муддатларни оралатиб экиш — экин муайян бир пунктда ҳар хил муддатларда (5—10 кундан оралатиб) экилади; географик экиш — муайян ўсимлик навлари иқлим шароитлари турлича бўлган пунктларда экилади; экспериментал дала усули — дала тажриба майдонларида ўсимликни парвариш қилишнинг агрометеорологик шароитлари ўзгартирилади; дистанцион (ноконтакт) ўлчаш — вертолёт, самолёт ва Ер йўлдошларида ўрнатилган асбоблар ёрдамида катта майдонлардаги экинлар ва тупроқнинг ҳолати аниқланади; фитотрон усули — сунъий иқлимхоналарда ўсимликларнинг гидрометеорологик омилларнинг турли комплексига реакциясини ўрганишга имкон беради (қ. Фитотрон); математик (динамик) статистик моделлаштириш — математик аппарат ёрдамида метеорологик омилларнинг ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига таъсири ўрганилади.
Қишлоқ хўжалиги метеорологияси амалий фан сифатида 19-а. нинг 2-ярмида пайдо бўлди. Ўрта Осиёда дастлабки агрометеорологик тадқиқотлар 20-а. бошларидан олиб борилди. 1921 й. да Тошкентда Туркистон метеорология ин-ти (Туркмет; ҳоз. Гидрометерология институти) ташкил этилди. Ғўза, ғалла, беда, сабзавот, полиз ва б. экин майлонлари, боғ, токзор, яйловларнинг микроиклими, радиацион ва иссиқлик баланси ўрга-нилди, уларнинг шаклланиш қонупиятлари Б. А. Айзенштат, Е. А. Лопухин, И. В. Зуев, В. В. Карнаухова, Ф. А. Мўминов, Б. Е. Милькис, Г. А. Аҳмедов, Э. А. Иброҳимова, А. И. Костенко, А. Г. Торопова, А. Ш. Жалилов ва б. олимларнинг асарларида сритиб берилди. 60-й. лардан бошлаб, қ. х. ишлаб чиқаришининг янги талаблари асосида қ. х. экинларининг ҳолати ва уларнинг ҳосилдорлигини ҳудудлар миқёсида баҳолаш ва прогнозлаш методикаси ишлаб чиқилди, қисқа муддатда катта майдонлардаги экинларнинг ҳолати ва ҳосилдорлигини авиация ёрдамида фотометрик усул билан баҳолаш амалга оширилди. Сўнгги йилларда қ. х. экинларининг биологияси, экологияси, биометрияси асосида «об-ҳаво — ҳосилдорлик» прогноз моделлари тадқиқ қилинмоқда (қ. Агрометеорологик хизмат кўрсатиш, Агрометеорологик кузатишлар, Агроиқлимшунослик).
Ад.: Хамзин К. С. Қишлоқ хўжалиги метеорологияси асослари: [Қўлланма], Т., 1986, Ҳамидулла Абдуллаев.