ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ — моддий и. ч. нинг асосий тармоқларидан бири. Деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари олиш учун экинлар экиш ва чорва молларини кўпайтириш билан шуғулланади, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари ва халқ хўжалигининг бир қанча тармоқларини хом ашё билан таъминлайди. Қишлоқ хўжалиги ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларини дастлабки қайта ишлашнинг турли тармоқларини ҳам ўз ичига олади. Моддий и. ч. нинг бошқа жами соҳаларидан фарқ қилган ҳолда Қишлоқ хўжалиги жуда катта май-донларда ва ҳудудий хилма хил шароитларда олиб борилади. Унда ер (асосий и. ч. воситаси), ёруғлик, иссиқлик, сув ва тирик организмлар — ўсимлик ва ҳайвонлардан фойдаланилади. Қишлоқ хўжалигининг и. ч. даври иш даври билан мос тушмайди. Қх. нинг асосий тармоқлари — деҳқончилик ва чорвачилик. Улар ҳам ўз навбатида бир қадар кичикроқ тармоқларга бўлинади (деҳқончиликда — далачилик, сабзавотчилик, полизчилик, боғдорчилик, ўрмон хўжалиги ва б. ; чорвачиликда — қорамолчилик, қўйчилик, йилқичилик, чўчқачилик, паррандачилик, асаларичилик, пиллачилик ва б.); Ўз навбатида, деҳқончилик ва чорвачилик тармоклари экиладиган экинлар (ғаллачилик, шоликорлик, пахтачилик) ва чорва моллари турлари (қорамол, қўй, от, туя) бўйича гуруҳланади.

Қишлоқ хўжалиги — инсон хўжалик фаолиятининг дастлабки турларидан бири. Унинг келиб чиқиши тош даври охирига бориб тақалади. Бу даврда инсон хўжалик ва б. эҳтиёжларини қондириш учун ерни оддий қуроллар билан ишлаган, баъзи хайвонларни хонакилаштира бошлаган. Асрлар давомида турли шароитлар таъсирила деҳқончилик тизими ўзгарган ва такомиллашган; ҳайвонларнинг фойдали хусусиятлари парваришланган, кўплаб зотлари етиштирилган.

Жаҳон Қишлоқ хўжалигида дунёдаги иқтисодий фаол аҳолининг 45,2% (1316,7 млн. киши) банд. Қ. х. да фойдаланиладиган ерлар 13387,0 млн. га, жумладан, ҳайдаладиган ерлар 1380,8 млн. га, жами суғориладиган ерлар 271,4 млн. га (1998). 1999 й. да жаҳон Қишлоқ хўжалигида 583,6 млн. т буғдой, 596,4 млн. т шоли, 600,4 млн. т маккажўхори, 130,0 млн. т арпа, 294,3 млн. т картошка, 444,6 млн. т мевалар, шу жумладан 60,6 млн. т узум етиштирилди. Чорвачиликда 225,9 млн. т гўшт, 562,4 млн. т сут тайёрланди. 1338,2 млн. бош қорамол, 912,7 млн. чўчқа, 1068,6 млн. қўй ва 709,9 млн. бош эчки, 14139,0 млн. товуқ боқилди.

Дилдора Саидова.