ҚИССА

ҚИССА — бадиий адабиётда эпик жанр турларидан бири. Ғарбий Европа ва Америка адабиётида повесть маъносидаги Қисса тушунчаси йўқ, насрнинг романдан бошқа барча жанрлари «новелла» термини орқали ифодаланади. Рус ва ўзбек адабиётларида Қиссанинг ҳоз. ва қадимги маънолари ўртасида фарқ бор. Мас, қадимги рус адабиётида ҳар қандай насрий асар повесть (Қ) деб аталган. Ўзбек адабиёти тарихида ривоят усулида наср ёки назмда ёзилган тарихий-афсонавий асарлар қ. деб юритилган. Мас, «Қиссаи Сайфулмулук», «Қисаси Рабғузий» ва б. Ҳоз. маънодаги ўзбек Қиссаси рус адабиётидаги «повесть» терминига тўғри келади ва, асосан, роман билан ҳикоя оралиғидаги ўртача ҳажмли насрий жанрни ифодалайди.

Қисса, одатда, бир ва бир неча шахслар тақдирига оид турли воқеаларни ўзига асос қилиб олиши билан эпик турнинг ҳикоя, ҳажми ва мазмунининг нисбатан чекланганлиги билан романдан фарқ қилади. қ. ҳаёт мураккабликларини ҳикояга нисбатан кенгроқ, характер ҳамда воқелик кўламини романга қараганда камроқ қамраб олади. Қиссада у ёки бу шахс ҳаётининг маълум бир даври хроникал тарзда баён қилинади. Қиссада лиризм ҳикоя ва романдагидан кучлироқ бўлиши мумкин.

Роман каби Қиссанинг ҳам автобиографик (Ойбек, А. Қаҳҳор, Н. Сафаров), тарихий (Миркарим Осим, Я. Илёсов ва б.), фантастик (Т. Малик, Ҳ. Шайхов, М. Маҳкамов ва б.) турлари бор. Ҳозирда Қисса насрнинг энг фаол жанрларидан бўлиб, унда ёш ёзувчилар ҳам самарали ижод қилмоқдалар.

Ад.: Аброров А., Ўзбек повести, Т., 1973; Тимофеев Л. И., Основм теории литературы, 5-изд., М., 1976; Норматов У., Гўзаллик билан учрашув, Т, 1976.

Prev Article

ҚИСИР ҚОЛИШ

Next Article

ҚИССАХОНЛИК