ҚИССАХОНЛИК

ҚИССАХОНЛИК — афсона, ривоят, халқ достонлари ва қиссалар айтиш ва эшитиш анъанаси. Утмишда қ. учун махсус кеча ва йиғинлар уюштирилган. Уларда халқ достонларининг қайта ишланган вариантлари («Ҳикояти Гўрўғли султон», «Юсуфбек билан Аҳмадбек»), мумтоз адабиёт намуналари асосида тузилган ҳикоялар («Баҳром ва Гуландом», «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»), таржималар («Рустами достон», «Қиссаи Жамшид», «Вомиқ билан Узро») ўқилган. қ. репертуарида «Зарқум», «Муҳаммад Ҳанафия», «Саид Баттол Ғози», «Бобо Равшан» каби диний асарлар ҳам бўлган.

Қисса тузиш ва Қиссахонлик 13—14-а. лардан шакллана бошлаган, 16—17-а. ларда жадал ривожланган, 19-а. нинг 2-ярмида фавқулодда авж олган. Бу жараён, дастлаб Қозонда, кейинчалик Оренбург, Тошкент, Хива, Когон ва б. шаҳарларда қиссаларнинг кўплаб нашр этилиши билан ҳам боғлиқ бўлган.

Қиссахонлик, асосан, шаҳар, шаҳарга яқин йирик қишлоқ ва туман марказларида кенг ривожланган бўлиб, 20-а. нинг 30-й. ларигача давом этган. Қиссахонлик омма орасида маърифат тарқатиш воситаларидан бири, адабиёт ва санъат ихлосмандларининг йиғинлари сифатида ўтмишда муҳим аҳамият касб этган. Ҳоз., радио, телевидение, матбуот, театр, кино ва б. маданий-маърифий воситаларнинг ривожи, кенг тарқалганлиги боис қ. анъанаси ижтимоий ва маиший ҳаётдан батамом чиқиб кетган.