ҚИЙМАТ

ҚИЙМАТ — 1) товар нархи;

2) пулнинг харид қобилияти, муайян бозор нархлари даражасида пул бирлиги ҳисобига сотиб олиш мумкин бўлган товарлар ва хизматлар миқдори;

3) инглиз классик сиёсий иқтисоди (А. Смит, Л. Рикардо), шунингдек, марксизм (К. Маркс)нинг иқтисодий категорияси, товар ишлаб чиқарувчиларнинг товарда гавдаланган ва унда моддийлашган ижтимоий меҳнати. Қийматнинг меҳнат назариясига кўра, Қиймат товар и. ч. негизини ташкил этади, капитал ҳаракати ва ривожланишининг жами қонунларини белгилаб беради. Қиймат назарияси уч элементни ўз ичига олади: а) Қиймат асосида ижтимоий меҳнат туради; б) Қиймат меъёрини зарурий меҳнат сарфлари ташкил этади; в) айирбошлаш Қ. асосида юз беради. Товар қийматининг меъёри уни и. ч. учун зарур бўлган ижтимоий зарурий меҳнат миқдори билан белгиланади, ижтимоий нормал шароитда мамлакат бўйича ўртача меҳнат маҳорати ва интенсивлиги даражасида товар и. ч. учун кетадиган ижтимоий зарурий иш вақти билан ўлчанади. Ижтимоий зарурий иш вақти и. ч. нинг мавжуд ижтимоий меъёрдаги шароитида ва шу жамиятда меҳнат маҳорати ва жадаллигининг ўртача даражасида бирон истеъмол қийматин» яратиш учун талаб қилинадиган иш вақтидир. Товар қиймати меьёри уни тайёрлашга кетган меҳнат миқдорига тўғри пропорционал, меҳнат унумдорлигига эса тескари пропорционалдир. Бозор муносабатларининг ривожланиши билан нархларнинг таркиб топиши такомиллашиб, улар борган сари товарга сарфланган ижтимоий зарурий меҳнат харажатларига яқинлашади. Лекин улар ўртасидаги фарқ айрим товар турларига нисбатан талаб ва таклиф, бозор конъюктурасини ҳисобга олган ҳолда сакланиб қолади (қ. Классик сиёсий иқтисодий мактаблари).

Аралаш иқтисодиёт шароитларида (20-а.) иқтисодий назарияларда нафлилик тобора муҳим аҳамият касб этди, бу эса ҳозирги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг классик капитализмга нисбатан тубдан фарқ қилишини кўрсатади.

Loading...