ҚИЗИЛ ДЕНГИЗ

ҚИЗИЛ ДЕНГИЗҲинд океанининг материклар оралиғидаги денгизи. Африка ва Арабистон я. о. оралиғида. Миср, Судан, Эритрея, Исроил, Иордания, Саудия Арабистони ва Яман давлатлари қирғоқларига туташ. Боб улМандаб бўғози орқали Ҳинд океани, Сувайш канали орқали Ўрта денгиз билан туташган. Майд. 460 минг км2. Энг чуқур жойи 3039 м. Денгизнинг қирғоқ чизиғи текис, шакли тектоник узилма чегарасига мос. Шим. да Сувайш ва Ақаба қўлтиқлари, улар орасида Синай я. о. бор. Энг йирик ороли — Даҳлак. Денгиз туби рельефи хилмахил, катта қисми сойлик (чуқ. 1000 м), унинг ўрта қисмида тор ва чуқур новлар бор. Чуқ. 200 м гача бўлган жойларда маржон ва материк ороли кўп. Денгиз тубининг катта қисми кристалли заминдан иборат бўлиб, устини 1—4 км қалинликдаги оҳактош ва эвапоритлар қоплаган. Иқлими муссонли, бироқ денгиз Арабистон я. о. ва Шим. Африкадаги чўллар оралиғида жойлашганлиги учун анча қуруқ. Тез-тез чангли туман ва сароблар бўлиб туради. Қизил денгиз суви илиқ (32° гача) ва шўр (38—42%о) денгизлардан. Сабаби Қизил денгизда буғланиш ниҳоятда кучли бўлиб, четдан дарё қуйилмайди. Сув сатҳининг кўтарилиши ҳар ярим суткада такрорланади (бал. 0,6 м гача). Чуқурликдаги шўр сув Боб улМандаб бўғози орқали Ҳинд океанига ўтиб туради.

Қизил денгизда ўсимлик тури кам, бироқ ҳайвонот дунёси хилмахил. Денгиздан балиқ овланади, марварид олинади. Муҳим портлари: Сувайш (Миср), ПортСудан (Судан), Жидда (Саудия Арабистони), Ҳудайда (Яман) ва бошқалар Денгизда сувўтлар тўпланиб, унга қизғиш ранг бериши сабабли шундай номланган, деган тахмин бор.