ҚИЗИЛ ҒОЗЛАР, фламинголар — қушлар туркуми. Баъзан лайлаксимонлар туркуми таркибига кенжа туркум мақомида ҳам киритилади. 6 тури маълум. Жанубий Ғарбий Европа, Африка, Жанубий Ғарбий Осиё, Жанубий ва Марказий Америка ҳамда Шим. Американинг жан. қисмида тарқалган. Танаси 91 — 120 см, қаноти 43—49 см, оғирлиги 3—4 кг. Тумшуғи катта, пастга қайрилган. Жағининг четларида шохсимон пластинкачалар жойлашган бўлиб, сув ёки суюқроқ балчиқдан озиқ моддаларни сузиб олишига ёрдам беради. Оёқ ва бўйни узун, бармоқлари орасида сузгич парда бор. Пушти, оқ, йирик патлари қора. Денгиз ва шўр кўл қирғоқларига колония бўлиб (баъзан бир неча мингтаси бирга) уя қуради. Оддий қизил ғоз Каспий денгизининг шим. шарқий қисми ва Қозоғистоннинг шўр кўллари атрофи (одам бориши қийин жойлар) да яшайди. Конуссимон, бал. 10—60 см ли уясини балчиқ ёки қумдан ясайди. 1—3 та тухум қўяди. Тухумини нари ва модаси навбат билан 30—32 кун босади. Қизил ғозлар уруғ, сувўтлар, қисқичбақасимонлар, моллюска ва сув ҳашаротлари билан озиқланади.