ҚИЗИЛ ЯССИ ТЕМИРАТКИ — терининг сурункали касаллиги; бунда билак, билаккафт усти, болдир панжа бўғими соҳаларига, камданкам шиллиқ қаватларга майда ялтироқ оч пуштиқизғиш тугунчалар тошади, улар қаттиқ қичишади.
Қизил ясси темираткини (1869 йил) аниқлаб, унда учрайдиган бирламчи элементни батафсил ифодалаган. Касалликнинг келиб чиқиши тўлиқ аниқланган эмас, илмий адабиётларда унинг келиб чиқишида турли назариялар (вирусли ёки инфекцион, невроген, ирсий, токсик, иммунологик) мавжуд. Кўпгина олимлар касалликнинг вужудга келишини нерв системаси фаолиятининг бузилишига (ҳаяжонланиш, стресс ва бошқалар) боғлайдилар, чунки бунда тошмалар нерв толалари бўйлаб жойлашиши кузатилади.
Касалликнинг асосий белгиси тошмалар тошиши; улар аксарият қўл ва оёқнинг букиладиган соҳаларида юзага келиб, сўнг бутун баданга тарқалади. Тошмалар баъзан жинсий аъзоларнинг шиллиқ қавати, оғиз бўшлиғи, кўпроқ лунжларда оқимтир тасмалар шаклида учрайди ва бир-бири билан қўшилиб пилакчалар ҳосил қилади.
Касалликнинг авж олган даврида, янгиянги тошмалар тошади ва улар катталашиб боради. Кейин касаллик стационар даврга ўтади, бунда тошмалар астасекин сўрилиб, ўрнида тўқ жигарранг доғ қолади. Касаллик қаттиқ қичишиш билан кечади. Қизил ясси темираткининг гипертрофик, атрофик, пуфакли, ўткир учли, ҳалқасимон ва бошқалар хиллари фарқ қилинади.
Қизил ясси темиратки рўйирост намоён бўлганда унга дарҳол тўғри диагноз қўйиш мумкин.
Давоси. Биринчи навбатда, касалликни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, инфекция ўчоқларини санация қилишдан иборат; физиотерапия, гипноз билан даволаш, тузалинқираган (ремиссия) даврида Чимён, Чортоқ ва бошқалар санаторийларда даволаниш яхши наф беради.