ҚИЗИЛГАЗА ҒОРИ — Тойталаш тоғининг (Ҳисор тизмасининг жан. ғарбий тармоғи) шим. ён бағридаги ғор. Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қизилтом қишлоғидан 7 км шарқда, ўртача 2430 м баландликда жойлашган. Юқори юра даврига оид гипс қатламларида ҳосил бўлган. Ғорнинг икки кириш қисми мавжуд. Биринчиси жан. ғарбда (эни 5 м дан зиёд, бал. 1,5 м га яқин), иккинчиси шим. ғарбга қараган (эни 3 м, бал. 5 м га яқин). Ғор мураккаб тузилишга эга. Бир неча хоналар ва йўлаклардан ташкил топган. Уларнинг эни 1,5 м дан 8 м гача, бал. 0,8 м дан 4 м гача. Ғор ичидаги т-ра 14°, ер юзасига яқин жойда 28°, нисбий намлик 96% (август). Қ. ғ. нинг умумий уз. 50 м, майд. 300 м2, ҳажми 700 м3 га яқин.