ҚИЗИЛОЛМАСОЙ ОЛТИН КОНИ — Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги кон. Ангрен шаҳридан шим. шарқда, Чатқол тоғларининг жан. ён бағрида жойлашган. Қизилолмасой олтин кони 1959 йилда очилган. 1975 йилдан фойдаланилмоқда. Коннинг умумий майд. 4 км2, уз. 10 км чамаси бўлган кучли минераллашган (қалинлиги 350 м гача) зонадан иборат. Қамровчи жинслар андезитдацит формациядаги вулканитларнинг юпқа (150 м ча) ғилофидан ва замини сланецларнинг ксенолитлари бўлган гранитоидлардан ташкил топган. Саноатбоп рудаланиш, асосан, 3 та йирик руда таналарида ривожланган бўлиб, ўлчамлари йўналиш бўйича уз. 200 дан 600 м гача, ётиш қиялигининг уз. 1500 м га етади; ўртача қалинлиги 15—20 м. Олтинкумушли рудаланиш коннинг вулканогенгидротермалли турига мансуб бўлиб, кўп босқичларда шаклланган. Қизилолмасой олтин конида 100 дан ортиқ минерал ва уларнинг турлари аниқланган, улардан 70 тачаси рудали ҳисобланади. Рудали таналар кварц (рудали тана ҳажмига нисбатан 50—85%) ва уларнинг турлари — аметист (сафсар), халцедон ҳамда кальцит (15—45%)дан тузилган. Серицит, мусковит, каолинит, ортоклазлар камроқ. Рудали минераллар, асосан, пиритдан, камроқ халькопирит, галенит, сфалерит ҳамда рудали тана ҳажмининг 3 — 5 дан 35%гача ташкил қилган хира рудалардан иборат. Минерал таркибига кўра, рудаланиш олтинкварцли кам сульфидли формацияга тегишли, кам бўлсада, бир қанча туғма элементлар (Аи, А§, Си, В1, РЬ) ва сланецлар мавжуд. Рудаланиш кварцли томирларда ва кварцланган қамровчи жинсларда чегараланган бўлиб, олтиннинг ўртача миқдори 8,2 г/т, кумушники 59 г/т ни ташкил қилади. Рудали таналар 2 та шахта ёрдамида 615 м гача чуқурликда очилган. Қизилолмасой олтин конидан ҳозирги вақтда фойдаланилмоқда.