ҚИЗИЛЎНГАЧ — одам ва ҳайвонларда овқат ҳазм қилиш системасининг ҳалқум билан меъда ўртасидаги қисми. Қушларда Қизилўнгач кенгайиб, жиғилдонни ҳосил қилади. Одамда Қизилўнгач орқа кўкс оралиғида жойлашган 23—25 см узунликдаги мускулли найчадан иборат бўлиб, кўкрак қафасидан диафрагма тешиги орқали қорин бўшлиғига ўтади ва меъдага уланади. Қизилўнгач девори шиллиқ, шиллиқ ости ва мускул қаватлардан иборат. Шиллиқ қавати бурмаларга йиғилган бўлиб, овқат луқмаси ўтаётганида текисланади. Қизилўнгач ташқи томондан бириктирувчи тўқима билан қопланганлиги сабабли овқат луқмаси ўтаётганида кўндаланг диаметрини осонликча ўзгартира олади. Ютилган овқат луқмаси Қизилўнгач перистальтикаси туфайли меъдага, кейин овқат ҳазм қилиш системасининг ҳамма қисмига ўтади. Перистальтика — мускулларнинг тартиб билан қисқариши овқат ҳазм қилиш системасининг барча қисмида бўлади. Ютинганда Қизилўнгач мус-куллари рефлектор қисқариши туфай-ли овқат луқмаси юқоридан пастга йўналади. Қизилўнгачнинг яллиғланиши эзо-фагит дейилади. Бунга қайноқ ва ач-чиқ овқатлар ейиш, кислота, иш-қорлар таъсири, шунингдек, турли дори ҳамда спиртли ичимликларни сурункасига истеъмол қилиш сабаб бўлади (яна қ. Овқат ҳазм қилиш системаси).