ҚИЗИЛҚУМ ҚЎРИҚХОНАСИ

ҚИЗИЛҚУМ ҚЎРИҚХОНАСИ — ухоро вилоятида Амударёнинг ўрта оқимида, дарёнинг иккала соҳилида жойлашган. Туркманистон билан чегарадош. Майд. 10311 га, шу жумладан, ўрмон билан қопланган майдон 5338 га, 800 га майдони қумли чўл, 1883 га тўқайзор. Дарё соҳиллари бўйлаб шим ғарбдан жан. шарққа 30 км га, шаркдан ғарбга 3 км га чўзилган. Вазифаси қўриқхона ҳудудидаги ўсимлик ва ҳайвонот оламини ўрганиш, илмий текшириш ишларини олиб бориш ва бошқалар Қўриқхона тўқайзор ва қумли чўллардан ташкил топган. Иклими кескин континентал, ҳавонинг қуруқлиги, ҳароратнинг ўзгариб туриши, ёғингарчилик миқдорининг камлиги билан ажралиб туради. Ёғинларнинг асосий қисми (85— 87%) қиш ва баҳорда ёғади. Максимал ҳарорат ёзда 41—44°, қишда 20—21°. Тупроқлари қумли, тақирсимон, аллювиал ўтлоқи, ўтлоқиботқоқи типлардан иборат. Қўриқхона ҳудудида ўсимликларнинг 15 тури: туранғи, қамиш, қизилмия, жийда, саксовул, қандим, черкез, эфемерлар, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бобров астрагали, Корольков ширачи, қизилқум ковраги ўсади. Қўриқхона ҳайвонот дунёси бой ва хилмахил. Умуртқали ҳайвонларнинг 359, сув ҳавзаларида балиқларнинг 27, сувда ҳамда қуруқликда яшовчиларнинг 2, судралиб юрувчиларнинг 28, қушларнинг 267 ва сут эмизувчиларнинг 35 тури бор. Бухоро буғуси (хонгул), жайран, бархан мушуги, бургут (Ўзбекистон Қизил китобига киритилган), чиябўри, ёввойи чўчқа (тўнғиз), чўл мушуги, тулки, амударё тустовуғи, кабутар, қора қарға, жан. ва тўқай булбуллари учрайди. Бухоро буғуси алоҳида муҳофаза қилинади.

Қўриқхонада унинг ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини сақлаш, кўпайтириш, ўрганиш бўйича илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган тадқиқот ишлари олиб борилади.