ҚИЗИЛСОЙ — Тошкент вилоятидаги сой. Уз. 54 км. Ҳавзасининг майд. 363 км2. Чатқол тизмасининг ғарбий тармоғидан, Чатқол қўриқхонаси ҳудудидаги Қизилнура тоғидан ярим км жан. ғарбда, денгиз сатҳидан 3080 м баландликда бошланади. Юқори оқимида (чап ирмоғи Оқтошсойнинг қуйилишигача) Бошқизилсой деб аталади. Қуйи қисмида суви суғоришга сарфланади, Красногорск шаҳри дан ғарброқда Тошсой яқинида эса бутунлай қуриб қолади.
Асосан, қор, қисман ёмғир сувларидан тўйинади. Ўртача кўп йиллик сув сарфи қуйилишидан 23 км да 1,46 м3/сек. Тўлинсув даври фев. —мартда, энг кам сув сарфи авг. —еентябрда кузатилади ва 2,22—0,11 м3/сек. орасида ўзгаради.