ҚИЗИЛТЕПА

ҚИЗИЛТЕПА — мил. ав. 9—4-асрларга оид шаҳар харобаси. Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳудудида, Қизилсув дарёсининг ўнг соҳилида. Г. А. Пугаченкова раҳбарлигидаги Ўзбекистон санъатшунослик экспедицияси ходимлари томонидан ўрганилган (1971 йил). Қ. режаси тўртбурчак шаклида (420×360 м) бўлиб, майд. 16 га. Қизилтепа жан. шарқ ва жан. ғарб томондан пойдевори 10 м қалинликда, (пахса ва хом ғиштдан) асоси доира шаклида бўлган текис миноралари бор қалин девор билан ўралган. Девор ва минораларда ўқ отиш шинаклари бор. Девор атрофига хандак қазилган. Қизилтепа уч қисмдан иборат:

1) Қизилтепанинг жан. ғарбий қисмидаги бал. 10 м га яқин тепаликка қуқилган арк ва ҳукмдорлар саройи;

2) шаҳарнинг ўз ҳудуди;

3) шаҳарнинг жан. шарқий деворидан ташқарида жойлашган, умумий майд. 4—5 гектар бўлган ҳудуд. Тадқиқотлар Қизилтепада ҳаёт 3 асосий даврга бўлинганини кўрсатади. Қизилтепа1 (мил. ав. 9—7-асрлар); Қ.2 (мил. ав. 7—5-асрлар); Қ. З (мил. ав. 5—4-асрлар). Қизилтепа2 даврида ҳаёт бирмунча ривожланган. Бу даврда Қизилтепага кишилар кўплаб кўчиб кела бошлаган. Қалъа қўрғонида пахса ва хом ғиштдан қатор ҳашаматли иморатлар қурилган.

Қизилтепадан ҳар хил қуроллар (ёрғучоқ ҳовонча, ўғир даста, ўроқ), тўқ қизил ранг ангоб билан сирланган цилиндрсимон тиргакли идиш, уй ҳайвонлари суякларининг кўплаб топилиши деҳқончилик, кулолчилик ва чорвачиликнинг жадал юксалганидан дарак беради.

Мил. ав. 4-асрда Қизилтепа Александр (Искандар Мақцуний) қўшинларининг юриши вақтида бутунлай вайрон қилинган.

Ад. \ Аршавская 3. А., Ртвеладзе Э. В., Хакимов 3. А., Средневековне памятники Сурхандарьи, Т., 1982.