«ҚИЗЖИБЕК» — қозоқ халқ эпоси. Қозоқ фольклорининг энг етук лирикэпик асарларидан. Тахм. 17-асрларда яратилган. Асарда Тўлаган билан Қизжибек ўртасидаги соф муҳаббат улуғланган, озодлик учун кураш, севгига садоқат, ватанпарварлик, дўстлик ғоялари илгари сурилган. Асарнинг илк нусхаси (Қадимги қирғиз қўшиғи «Қизжибек») 1887 йилда ёзиб олинган. «Қ»нинг турли йилларда ёзиб олинган 11 нусхаси Қозоғистон ФА Тил ва адабиёт ин-тида сақланади. Шулардан Қозоғистонда ёзиб олинган ва 1894 йилда Қозонда нашр этилган «Қизжибек қиссаси» варианти кенг тарқалган. Лекин ҳажми ва деталларининг аниқлиги жиҳатидан 1887 йилдаги нусхаси «Қизжибек»нинг бошқа вариантларига нисбатан мукаммалроқҳисобланади. «Қ» қўп оқинлар репертуарида учрайди. Ўзбекистонда «Қ»нинг Эргаш Жуманбулбул ўғли томонидан 1927 йилда ёзилган қўлёзма нусхаси Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институти фольклор архивида сақланади. Асар сюжети асосида Е. Г. Брусиловский «Қ» операсини яратган (1974).