ҚОБИЛИЯТ

ҚОБИЛИЯТ — инсоннинг индивидуал салоҳияти, имкониятлари. Қобилият билимдан кескин фаркланади, билим мутолаа натижаси ҳисобланади, Қобилият шахснинг психологик ва физиологик тузилишининг хусусияти саналади. Қобилият кўникма, малакацш фарқ қилади. Аксарият илмий манбаларда моҳирлик билан Қобилият айнанлаштирилади. Қобилият инсон томонидан кўникма ва малакаларнинг эгалланиши жараёнида такомиллашиб боради. Ҳар қандай Қобилият тури шахсга тегишли мураккаб психологик тушунчадан ташкил топган бўлиб, у фаолиятнинг талабларига мутаносиб хусусиятлар тизимини ўз ичига олади. Шунинг учун Қобилият деганда бирорта хусусиятнинг ўзини эмас, балки шахс фаолиятининг талабларига жавоб бера оладиган ва шу фаолиятда юқори кўрсаткичларга эришишни таъминлашга имконият берадиган хусусиятлар синтезини тушунмоқ лозим. Барча Қобилият учун таянч хусусият — кузатувчанликда, яъни инсонни фаҳмлаш, объектдан у ёки бу аломатларни кўра билиш, ажрата олиш кўникмасидир. Қобилиятнинг етакчи хусусиятларидан бири — нарса ва ҳодисалар моҳиятини ижодий тасаввур қилишдир. У шахснинг шаклланиши ва ривожланиши натижаси бўлиши билан бирга, табиий манбага ҳам эга. Бу табиий манба кўпинча зеҳн тушунчаси билан юритилади. Зеҳн муайян бир фаолиятга ёки кўпгина нарсаларга нисбатан ортиқча қизиқувчанликда, мойилликда, интилишда намоён бўлади. Зеҳн нишоналари деганда қ. ички имкониятларининг табиий асосини тушуниш лозим. У иштиёқ, мойиллик, меҳнатсеварлик, ишчанлик, талабчанлик кабиларнинг маҳсулидир. Қобилият умумий ва махсус туркумларга ажратилади. Умумий қ. деганда юксак ақлий имконият ва тараққиёт тушунилади. Қобилият табиий равишда шаклланиши ва муайян режа асосида ривожлантирилиши мумкин. Қобилиятни маълум фаолиятга мойиллик ёки интилиш орқали, табиий зеҳн нишоналарини аниклаш, мутахассис раҳбарлигида узлуксиз фаолиятга жалб этиш, Қобилиятни такомиллаштиришнинг махсус воситаларини қўллаш, шахснинг фаоллик аломатларини максимал даражада ривожлантириш, инсон шахсига алоҳида ёндашувни умумий талаблар билан уйғунликда олиб бориш ва б. орқали ривожлантириш йўллари мавжуд. Қобилиятнинг юқори даражаси истеъдод ва даҳолик (қ. Даҳо) намоён бўлади.

Эргаш Ғозиев.