ҚОДИР БАХШИ (тахаллуси; асл номи Абди Раҳимов) (1937.16.4 — Деҳқонобод тумани Чалка қишлоғи — 1986.29.8) — бахши. Бухоро педагогика ин-тини тугатган (1966). Бахшилик сирларини дастлаб бобоси Турди бахшидан ўрганган. Сўнг Умир шоир Сафар ўғлига шогирд тушган. 18 ёшида мустақил достончи бўлиб етишган Қодир бахши 60-й. ларда Қашқадарё ва Сурхондарёда, Тожикистон ва Туркманистонда яшаётган кекса бах-шилар даврасида бўлиб, улар репертуарини, достон ижрочилик маҳоратини, дўмбира чертиш санъа-тини эгаллаган. Унинг репертуари бой ва ранг-баранг. «Алпомиш», «Ёдгор», «Кунтуғмиш», «Ширин билан Шакар», «Рустам», «Муродхон», «Юсуф билан Аҳмад», «Юсуф ва Зулайҳо», «Гўрўғлининг туғилиши», «Зайдиной», «Гўрўғли ва Юнус пари», «Шаҳиднома» сингари 70 га яқин достонлар, кўплаб терма ва эртакларни ижро этган. Аммо у билган достонларнинг жуда оз қисми ва бир неча термалар ёзиб олинган.
Қодир бахши фақат репертуарининг бойлиги билан эмас, балки ёқимли, ширадор овози, айниқса, мусиқа асбобларини яхши чала олиш иқтидори билан ажралиб турган. У дўмбирадан ташқари, дутор, рубоб, тор, ғижжак, қўбизда моҳирлик билан куйлар ижро этиб, достон ёхуд терма айтаверган ё, аксинча, бошқа чолғу асбобларидаги қуйларни дўмбирада ижро этган. Қодир бахши республика бахшилар кўриктанловининг 5 марта ғолиби, Москва (1971) ва Париж (1974)да ўтган халқ ижодкорлари халқаро конгрессларининг лауреати. Қодир бахшининг «Ойчинор» (1984), «Жорхун мастон» (1989) достонлари, «Норгулой» достонидан парча ва қатор термалари чоп этилган. Унинг номида кинотеатр, мактаб бор. Деҳқонободда уймузейи ташкил этилган.
Ад.: Муродов М., Эргашев А., Алпомишнома, 1-китоб, Т., 1999.