ҚОДИРОВ Набижон Ўлмасович

ҚОДИРОВ Набижон Ўлмасович (1957.26.2, Риштон тумани) — кулол, риштон кулоллик мактабининг йирик вакили; Ўзбекистон халқ устаси (2001). 1969 й. дан уста кулол Йўлдошали Эргашевга шогирд тушиб ҳунар ўрганган. 1978 й. дан мустақил уста, тумандаги кулолчилик з-дида уста-рассом. Қодиров маҳаллий кулолчилик анъаналарида буюмлар яратади, Риштон кулолчилик мактабида кичик шаклли ҳайкалтарошлик асарлари (лойдан кичик мавзули этюдлар, ўйинчоқлар, мужассамотлар) яратишни бошлаб берди ҳамда уларни анъанавий (лаган, бодия) буюмлар билан уйғунлаштиришга эришди: «Ҳор-диқ», «Новвой», «Деҳқон», «Чойхона», «Чоргул», «Бодомгул», «Ҳаштгул», «Аския» каби кўплаб кулоллик мужассамотлари ва б. Қ. ҳақида «Риштон мўъжизаси» номли ҳужжатли фильм яратилган (1999). Қодиров оилавий кулоллар сулоласига асос солди: укалари (Нодир, Шавкат, Аҳрор, Аброр), сингиллари (Замира, Зиёда), ўғиллари (Асрор, Сайёд) ва б. шогирдлари билан бирга меҳнат қилиб, Риштон кулоллик мактабини янги анъаналар билан бойитмоқда.

Prev Article

ҚОДИРОВ

Next Article

ҚОДИРОВ