ҚЎМИТА

ҚЎМИТА — 1) махсус тадбирларни ўтказиш ёки бирон-бир соҳага раҳбарликни амалга ошириш учун тузиладиган давлат органи. Ўзбекистон Республикасида бундай орган Президентнинг фармонига асосан ташкил этилади ва тугатилади ҳамда Олий Мажлис палаталари тасдиғига киритилади. Улар ваколатининг чегараси фармонда ва шу органлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдикланган низомда кўрсатилади. Ушбу органлар раҳбари этиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан раис тайинланади. Қўмита раҳбарларининг буйруғига асосан қуйи органлар ташкил қилиниши мумкин. Ўзбекистонда давлат қўмиталари ва қўмиталар мавжуд. Қўмиталар — Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита; 2) сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва б. да сайлаб қўйиладиган коллегиал раҳбар орган (партия марказий қўмитаси, касаба уюшма қўмитаси ва ш. к.).

Prev Article

ҚЎЛТИҚ

Next Article

ҚЎМИҚ ТИЛИ