ҚОН ҚУЙИЛИШИ

ҚОН ҚУЙИЛИШИқон томирлари ўтказувчанлик хусусиятининг ошиши ёки шикастланиб ёрилиши натижасида организм бўшлиқлари ва тўқималарида қон тўпланиши. Қон қуйилиши қон томирлари шикастланганда, қоннинг ивувчанлиги бузилганда кузатиладиган ички қон кетишининг оқибатидир. Қон қуйилганда у тўқималарга сингиши ёки бир жойда тўпланиб ва гематома ҳосил қилиб тўқималарни четга суриб қўйиши мумкин. Қуйилган қон тўқималарда яллиғланиш реакциясини ҳосил қилади, уларни қон билан таъминловчи майда қон томирларини босиб қўяди, натижада оғриқ рўй беради. Тери ва тери ости клетчаткасининг қонга бўкиши мўматалоқ пайдо бўлишига олиб келади.

Оз миқдорда қуйилган қон тўла сўрилиб кетади. Қон қуйилишининг организм учун хавфлилиги унинг жойлашган жойига боғлиқ. Мас, мия тўқимасига қуйилган қон мускуллар, бўғимлар бўшлиғига қуйилган қондан анча кам бўлса ҳам, ниҳоятда хавфлидир. Қон қуйилишини даволаш унинг жойлашиши ва пайдо бўлиш сабабига кўра (қ. Гематома, Инсульт, Лат ейиш) белгиланади. Қорин бўшлиғидаги кўпайиб борувчи қон тўпланиши Қон қуйилиши эмас, балки бўшлиқдан қон кетиши дейилади, чунки бундай ҳолларда организм учун хавфли қон йўқотиш (ўткир камқонлик) билан боғлиқ бўлган бузилишлар юзага келади.

Prev Article

ҚОН ЧИҚАРИШ

Next Article

ҚОНЛИ БИТ