ҚОН СЎРАРЛАР, қон сўрар пашшалар — доира чокли калта мўйлов икки қанотлилар оиласи. Қушлар ва сут эмизувчилар қонини сўрувчи эктопаразитлар (номи шундан). Кучли ривожланган оёқлари ва тишчали тирноқлари ёрдамида ўз хўжайинининг юнги ва патларига ёпишиб олади. Қанотли, калта ва қанотсиз (мас, қўй Қ. с. и) турлари бор. 200 дан ортиқ тури маълум. Кўпчилик Қс. муайян ҳайвонлар гуруҳида паразит яшашга мослашган. Ўзбекистон фаунасида 11 тури аниқланган. Қуртлари урғочисининг бачадонсимон кенгайган тухум йўлида ривожланади; 2 та йирик қўшимча безлар ишлаб чиқарадиган суюқлик («сут») билан озиқланади; муайян вақт оралиғида биттадан туғилади. Қуртлари ғу. мбакка айланишдан олдинроқ туғилади. Янги туғилган қуртлар танаси елимсимон модда билан қопланган. Бир неча соат давомида қурт елим ғилоф ичида гумбакка айланади. Шунинг учун Қон сўрарларни ғумбаклик даврида туғилувчилар гуруҳига киритилади. От, эшак ва сигирларда от Қон сўрарлари, итларда ит Қон сўрарлари, қўйларда қўй Қон сўрарлари паразит ҳолда яшайди. Қон сўрарлар баъзан одамга ҳам ҳужум қилади. Қон сўрарлар ҳайвонларни безовта қилиб, зиён етказади.