
ҚОН
ҚОН — одам ва умуртқали ҳайвонларнинг қон айланиш системасида айланиб юрадиган суюқ тўқима; ҳужайра ва тўқималарга етиб бориб, уларнинг ҳаёт фаолиятини ҳамда физиологик функцияларининг бажарилишини таъминлайди. Эритроцитларнинг таркибидаги гемогюбин Қонга қизил ранг беради. Қоннинг таркиби, осмотик босими ва актив реакцияси (рН) деярли ўзгармайди. Қон организмда хилма-хил вазифаларни бажаради: у ҳужайраларга кислород етказиб беради ва карбонат ангидрид газини олиб кетади (нафас функцияси); овқат ҳазм қилиш аъзоларидан озиқ моддаларни бутун организмга тарқатади (озиқ моддаларни ташиш функцияси); моддалар алмашинуви маҳсулотини чиқариш аъзоларига (буйракка) олиб боради. Қон аъзоларнинг гуморал алоқасини юзага чиқаради, у газ алмашинуви, нафас, сувтуз алмашинуви, кислота-ишқор мувозанатида иштирок этади. Қонда антитоксинлар, лизинлар ва антителолар борлиги, шунингдек, лейкоцитлар микроорганизмлар ва ёт жисмларни қамраб ютиш хусусиятига эга бўлганлиги туфайли Қон организмни зарарли моддалар ва ёт жисмлардан ҳимоя қилади. У гавда трасини доим бир маромда сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Одамларда 5,2 л ча Қон бўлади. Қон суюқ қисм — плазма (55—60%) ва шаклли элементлар (40—45%) дан ташкил топган. Қоннинг шаклли эле-ментлари Қон яратиш аъзоларида ишланади; Қ. ва қон яратиш аъзолари — Қ. яратиш системасини ташкил этади.
Қон махсус механизмлар орқали регуляция қилинади, шунинг учун соғлом одам қонининг таркиби ўзгармайди. Организмдаги ҳар қандай ўзгаришларга нисбатан Қон жавоб реакцияси қайтаради, яъни ўз таркибини ўзгартиради. Айрим касалликларни, хусусан, Қон системаси касалликларини аниқлашда Қон таркибининг ўзгариши муҳим аҳамиятга эга.
Қон плазмаси витаминлар, ферментлар, тузлар ва моддалар алмашинувининг охирги маҳсулотларини сақлайди. Плазмага эриган оқсиллар, жигар ҳужайралари ва ретикулоэндотелиал система ҳосил бўлади. Плазма оқсиллари транспорт вазифасини бажаради, кислота-ишқор мувозанатини тартибга солиб туради.
Қоннинг шаклли элементлари асосан эритроцитлар, лейкоцитлар ва тромбоцитларлэм иборат.
Қон таркибидаги углеводларга глюкоза ва унинг алмашинув маҳсулотлари киради. Қонда 80—100 мг % гача глюкоза, шунингдек, гликоген, фруктоза ва оз миқдорда глюкозамин бўлади. Углеводлар ва оқсилларнинг алмашинув маҳсулотлари (глюкоза ва б. моносахаридлар, кислоталар, тузлар ва сув) ичак капиллярларидан оқаётган Қонга сўрилади. Глюкозанинг бир қисми аъзо ва тўқималарга тарқалади, бошқа қисми эса жигарда гликогенга айланади.
Қон даги липидлар аралашмаси нейтрал ёғлар, эркин ёғ кислоталари ва уларнинг парчаланиш маҳсулотларидан, эркин ва боғланган холестериндан, шунингдек, стероид гормонларидан иборат. Нейтрал ёғлар, глицерин, ёғ кислоталари ичак шиллиқ қаватидан Қонга қисман сўрилади. Қон ёғ эмульсиясини ёг тўқималарига етказади ва у ерда захира ҳолда сақланади. Қон таркибида минерал моддалар (асосан, натрий ва хлор) ҳам бор. Организмнинг турли патологик ҳолатларида (касалликларида) Қонда қатор ўзгаришлар рўй беради, бу муҳим диагностик аҳамиятга эга. Қоннинг тузилиши, функциялари, касалликлари ва у билан боғлиқ бошқа масалаларни гематология фани ўрганади.
Ад.: Баҳромов С. М., Қон ва унинг касалликлари, Т., 1996.
Саиджалол Баҳромов.