ҚОНЛИ БИТ, қонли олма бити — ўсимлик битлари оиласига мансуб ҳашарот. Танаси 2,1—2,6 мм. Олманинг хавфли зараркунандаси. Ватани — Америка. Жан. Африка, Европа, Осиё, шу жумладан, Ўзбекистонда тарқалган. Бир мавсумда 19 марта насл беради. Олма (баъзан нок) танасида, илдизида қишлайди. Қонли бит тўдалари ўзидан оқ мумсимон ип ажратиб, новда, поя ҳамда илдизни ўрайди ва ўсимлик ширасини сўриб озиқланади. Дарахтнинг зарарланган жойлари йўғонлашади, бўртма ва яралар пайдо бўлади. Ўсиши ҳамда ҳосилдорлигига, айниқса, ёш ниҳолларга зарар келтиради. Кураш чоралари: баҳорда қишловчи личинкалари ва урғочи битларга қарши нитрафен пуркаш; биологик қарши кураш мақсадида афелинусдан фойдаланилади.