ҚОНТЕПАР — қонтепардошлар оиласига мансуб ўсимликлар туркуми. 5 турни ўз ичига олади. Қалин момиқ туклар билан қопланган кўп йиллик ўт. Илдизи йўғон, туганаксимон. Пояси битта ёки бир неч-та; тик, бал. 40—60 см. Барглари чўзиқ тухумсимон ёки наштарсимон, уз. 10 — 20 см, эни 1,5—5 см, 3 карра патсимон бўлинган, қалин тукли, тупгули шингилсимон. Гуллари сариқ, чангчиси 10 та. Апрель — июнда гуллаб, мева беради. Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги паст тоғларда, уларнинг пастки ва ўрта қисмидаги тошли ёнбағирларда тарқалган.