ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТ

ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТ — ҳокимият бўлиниши принципи ва назариясига мувофиқ давлатнинг уч ҳокимият тармоғидан бири. Қонун чиқарувчи ҳокимият Конституция ва қонунларни қабул қилиш, уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, зарур ҳолларда уларни белгиланган тартибда бекор қилиш ваколатларига эга бўлади. Федератив давлат тузилиши шаклига эга мамла-катларда қонун чиқариш ваколати федерация субъектларига ҳам берилиши мумкин. Мас, АҚШда штатлар, Россияда федерация субъектлари қонун чиқариш ваколатига эга. Федерация субъектлари томонидан қабул қилинган қонунлар федерация Конституцияси ва федерал қонунларга зид келмаслиги керак. Ўзбекистонда Қонун чиқарувчи ҳокимият яхлит давлат ҳокимиятининг мустақил бир тармоғи бўлиб, у қонун яратиш жараёнини Ўзбекистон Республикаси парламенти — Олий Мажлиси фаолияти орқали амалга оширади (қ. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси).

Loading...