ҚОНУН (фалсафада) — нарса ва ҳодисалар ўртасидаги муҳим, зарурий, барқарор, такрорланувчи муносабат. Мазкур муносабат объектив воқеликка мансуб бўлса, у воқелик Қ. лари деб юритилади. Воқелик Қонун ларининг инсон томонидан ўрганилиб, муайян назарий тилға кўчирилиши фан Қ. лари дейилади. Шу жиҳатдан фан Қонунлари воқелик Қонун ларининг тафаккурда инъикос этилишидир. Фан Қонунлари, ўз навбатида, акс эттирувчи объектига кўра, табиат Қ. лари, жамият Қ. лари, тафаккур Қ. ларига бўлинади. Тасодифий ёки ўткинчи муносабатлар эса Қонунни асослашга етарли эмас. Зарурийлик Қонуннинг муҳим белгисидир, чунки ундан келиб чиқадиган натижаларнинг юз бериши муқаррардир. Қонун тушунчасининг моҳияти қонуният тушунчасига яқин туради. Қонуният Қонундан фарқли равишда системанинг ўзгаришларидаги барқарор жиҳатларни ва йўналишларни ифодалайди. Шу жиҳатдан, фанда статистик ва динамик қонуниятларга таяниб иш юритилади. Динамик қонуниятларда ўрганилаётган жараёнларнинг келажаги аниқ, муайян ва бир хил кўринишда башорат қилинади, яъни системанинг келажакдаги ҳолати унинг олдинги ҳолати билан узвий боғланган бўлади. Статистик қонуниятларда эса, жараёнларнинг келажагини башорат қилиш эҳтимол шаклида бўлиб, муайян миқдордаги тасодифлар ичидан рўёбга чиқиши мумкин бўлган эҳтимоллар назарда тутилади, яъни бунда бир қанча ўзаро боғланган алоқадорликлар ичидан рўёбга чиқиши мумкин бўлган имконият даражаси эҳтимоллик билан чамалаб олинади. Қлар объектлар ўртасидаги, система ривожланишининг турли ҳолатлари ва босқичлари ўртасидаги алоқадорликларни ифодалайди. Қонунлар ўзининг умумийлик даражаси ва таъсир этиш доирасига кўра, хусусий. умумий ва энг умумий Қонун ларга бўлинади. Хусусий Қонунлар нарса ва ҳодисалар ўртасидаги нисбатан тор доираги ачоқаларни функнионал тарзда акс эттиради (мас. механикада тезликларни қўшиш Қ. лари). Умумий Қонунлар нарса ва ҳодисаларнинг умумий хоссалари ўртасида муносабатни, энг умумий Қонунлар эса табиат, жамият, тафаккур ривожининг энг умумий муносабатларини, томонларини, тараққиётини, тенденцияларини ифодалайди. Бутун олам тортишиш Қ. и умумий Қонунга, оламнинг ривожланиш Қ. лари эса энғ умумий Қонунга мисол бўлиши мумкин. Умумий Қонунлар билан хусусий Қонунлар ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд. Умумий Қонунлар хусусий Қонунлар орқали амал қилади, хусусий Қонунлар эса умумий Қонун ларнинг бир кўриниши бўлиб, объектив характерга эга. Қонунлар, биринчидан, нарса ва ҳодисалар ва улар орасидаги муносабатларнинг моҳияти, сабаби, келиб чиқиши, ривожланиш тенденциясини тушунтиради; иккинчидан, Қонун ҳодисадаги ривожланиш тенденцияси ва йўналишини акс эттириш орқали жараёнларнинг келажагини башорат қилиш функциясини бажаради. Табиат ва жамият Қонунлари объектив жараёнларни акс эттиради. Агар табиат Қонунлари бизга стихияли тарзда бўлиб кўринса, жамият Қонунлари эса кишиларнинг онгли фаолиятида намоён бўлади. Қонунларни билиш асосида келажак ҳақида башорат қилиш, табиий ва ижтимоий жараёнларни бошқариш мумкин. Тафаккур Қонун ларини мантиқ фани ўрганади. Қонунлар ҳақида Форобий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби мутафаккирлар махсус рисолалар ёзишган. Ҳуқуққа доир, хусусан, шариат Қ. ларига оид асарлар ичида Бурҳониддин Марғинонийнинг «Хидоя» китоби дунёга танилган. Қонунларни англаб олиш, билиш оламнинг ривожланиш хусусиятларини билиб олиш ва уни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бахтиёр Тўраев.