ҚОНУНЧИЛИК ТАШАББУСИ — қонун лойиҳаларини қонун чиқарувчи органлар муҳокамасига тақдим этиш ҳуқуқи; мазкур органлар қонун лойиҳасини муҳокама қилишга ва шу лойиҳа юзасидан қарор қабул қилишга мажбур. Замонавий давлатларда Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига, одатда, парламент депутатлари, парламент қўмиталари, ҳукумат, давлат бошлиғи ва умуммиллий компетенцияли алоҳида идоралар эгадир. Қт. ҳуқуқи қандай идоралар ва шахсларга берилиши Конституцияда белгилаб қўйилади. Мас, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бўйича, Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокурори эгадирлар ва бу ҳуқуқ Қ. т. ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади (83-модда). Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган ташкилот ва айрим фуқаролар ҳам муайян қонунлар тайёрланаётганда ўз таклифларини бериши мумкин (улар қонун тайёрланиш жараёнида кўриб чиқилади ва инобатга олинади).