ҚОНУНИЙ ВАКИЛЛАР — муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатли бўлса-да, жисмоний (қарилиги, касаллиги ва б.) ҳолати туфайли шахсан ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва бурчларини бажара олмайдиган фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳамма муассасаларда, жумладан, судда алоҳида ваколатсиз, қонунга биноан ҳимоя қилувчи шахслар. Қонуний вакиллар қонунда белгиланган ҳуқуқ доирасида ўзлари ваколатини олганлар номидан улар манфаатини кўзлаб битим тузади ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бошқа шахслар томонидан суи-истеъмол қилинишидан ҳимоя этади.
Ўзбекистон Республикасининг ФПКга кўра, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқчари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг Қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фар-зандликка олганлар, васийлар ёки ҳомийлар) ҳимоя қиладилар. Қонуний вакил судда иш олиб боришни вакил сифатида ўзи танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга (ФПК, 51-модда). Жиноят процессида, қонуний вакил ишда иштирок этишга вояга етмаган ёхуд белгиланган тартибда муо-малага лаёқатсиз деб эътироф этилган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жалб қилинади. Ишда Қонуний вакиллар сифатида отаоналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар, вояга етмаганга ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган иштирокчига ҳомийлик қилувчи муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашишлари мумкин. Қонуний вакилларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси ЖПК да белгиланган (61-модда).