ҚОРА ЧЕРИК — Бухоро амирлигида мунтазам қўшин билан баравар уруш ёки тинчлик чоғида хизматда бўлган номунтазам лашкар. Эҳтиёж бўлмаган кезларда Қора черик уйларига тарқалиб кетган. Қора черикни тўплаш учун ҳукмдор (амир) фармони чиққан ва у бозорларда жарчилар томонидан эълон қилинган. Ҳар бир қишлоқ, шаҳар, вилоятдан йиғиладиган Қора черик миқдори илгаридан аниқ бўлганлиги боис, амир буйруғига биноан номунтазам лашкар етказиб беришда муаммолар туғилмаган. Мунтазам қўшин отлар билан таъминланган бир пайтда, Қора черик, шахсий улови билан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши мажбурий ҳисобланган. Қалъа, қўрғонларни муҳофаза қилишда мунтазам хизматдаги аскарлар сони камлик қилса, Қора черикдан фойдаланилган. Баъзан юришда қатнашаётган қўшиннинг деярли ярмини Қора черик ташкил этган.