ҚОРА ДЕНГИЗ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИГИ — Европадаги давлатлараро минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 1992 й. 25 июнда 11 та мамлакат давлат ва ҳукуматлар бошлиқларининг Истанбул учрашувида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисида Декларация асосида ташкил топган. Албания, Арманистон. Болгария, Греция, Грузия. Молдавия, Озарбайжон, Россия, Руминия, Туркия, Украина аъзо.
Ташкилотнинг асосий мақсадлари дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш йўли билан Қора денгизни тинчлик ва тараққиёт денгизига айлантириш; икки томонлама ва кўп томонлама Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлигини чуқурлаштириш; иқтисодий, технологик ва ижтимоий тараққиётга, шунингдек, эркин тадбиркорликка ёрдам кўрсатиш; иштирокчи мамлакатлар, аиниқса, бозор иқтисодиётига ўтиш босқичида турган мамлакатларнинг ўзига хос иқтисодий манфаатларига эътибор бериш; иқтисодиёт, саноат, фан, технологиялар, атроф муҳитни муҳофаза қилишда ҳамкорликни ривожлантириш ва диверсификациялаш учун барча имкониятлардан фойдаланиш ва б. Штаб квартираси Истанбул ш. (Туркия)да.