ҚОРА ИЛОНЛАР, випаралар — илонлар оиласи. Танаси нисбатан йўғон, уз. 2 м гача. Боши учбурчак ёки трапециясимон. Кўз қорачиғи вертикал жойлашган. Жағларининг олдинги қисмида заҳар ўтказувчи 1—2 тадан йирик найсимон тиши ва 3—5 тадан майда тишчалари бўлади. 11 уруғи, 60 тури Африка ва Евросиёда тарқалган. Ўзбекистон фаунасида 3 тури: чўл қора илони, қум чарх илони, кўлборилон учрайди. Ерда яшайди, айрим турлари дарахтга ўрмалаб чиқа олади. Майда умуртқалилар билан озикланади. Кўпчилиги тухумдан тирик туғади. Барча Қора илонлар заҳарли, йирик Қора илонлар (мас, кўлборилон)нинг чақиши одам ҳаёти учун хавфли. Заҳаридан тиббиётда фойдаланилади. Сони камайиб бормоқда. Бир қанча турлари Халқаро Қизил китобга киритилган.