ҚОРА МЕТАЛЛУРГИЯ

ҚОРА МЕТАЛЛУРГИЯметаллургия саноатининг соҳаларидан бири. Домна, пўлат эритиш, прокат металлургияси, металл буюмлар и. ч., руда хом ашёсини қазиб олиш, бойитиш, майдалаш, кокс кимёси ишлаб чиқариши, ферроқотишмалар ва ўтга чидамли материаллар тайёрлаш, норуда хом ашё қазиб олиш ва қора металларни қайта эритиш тармоқларини ўз ичига олади. Совуқлайин ёки қиздириб ишланган прокат, пўлат трубалар ва металл буюмлар Қора металлургия маҳсу-лотларининг муҳим турлари ҳисобланади.

Кишилик жамияти тараққиётида меҳнат қуроллари ва қурол-яроғлар жуда муҳим аҳамият касб этган. Улар, асосан, ёғоч, суяк, тош (қ. Тош даври) ва темирдан (қ. Темир даври) тайёрланган. Қора металлургия халқ хўжалигининг кўпгина тармоқларини ривожлантиришнинг асоси ҳисобланади. Кимё саноати, рангли металлургия, қурилиш материаллари саноати маҳсулотлари билан бирга қора металлар машинасозлик ва қурилишда асосий конструкцион материал ҳисобланади. Ўзбекистонда етакчи машинасозлик тармоқлари ишлатадиган конструкцион материалларнинг умумий ҳажмида қора металлар асосий ўринни эгаллайди.

Ўзбекистонда бир неча кичикроқ темир конлари бор. Саноат аҳамия-тига молик темир конлари — магматоген генезисли, магнетит-гематит таркибли Суренота (Тошкент вилояти) ҳамда асосан титан-магнетитли Тебинбулок темир кони (Қорақалпо-ғистон) шулар жумласидан. Ўзбекистондаги темир конлари ресурслари: Жиззахдаги темир кони — 150 млн. т, Суренота темир кони — 50 млн., т, Тебинбулоқ темир кони — 100 млн. т дан кўп. Ўрта Осиёда биринчи замонавий металлургия комбинати 1944 й. ишга туширилган (қ. Ўзбекистон металлургия комбинати). Ўзбекистон металлургия саноатида 500 минг тоннага яқин пўлат, 450 минг тоннага яқин тайёр прокат ишлаб чиқарилади (2005) (яна қ. Металлургия, Оғир саноат).