ҚОРА ЮСУФ

ҚОРА ЮСУФ (? – 1420.13.11, Ужон) — Қора қўюнли туркман қабиласи амири Қорамуҳаммад туркманнинг ўғли. Шарафуддин Али Яздий «Зафар-нома» асарида қайд этилишича, Амир Темур Ғарбий юришлари чоғида Қора Юсуфнинг ҳажга борувчилар ва савдо карвонларини талаб, қароқчиликни касб этганини билгач, уни қаттиқ таъқиб остига олади. Қора Юсуф Амир Темурга қарши Ироқ ҳокими Аҳмад Жалойир билан иттифоқ тузади, бироқ улар Соҳибқирон ҳужумига дош беролмай Миср ва Рум султонларидан паноҳ излайдилар. Амир Темур вафотидан сўнг, Қ. Ю. Табризга қайтади ва тез орада ўзини тиклаб Темурийлар салтанатига хавф туғдира бошлайди.

1408 й. 13 апр. да Табриз яқинидаги Шанби Ғозонда мирзо Абубакр ибн Мироншоҳ билан Қора Юсуф ўртасида қаттиқ жанг бўлади ва Қора Юсуф лашкари ғолиб келади, Мироншоҳ мирзо шу жангда ҳалок бўлади.

Шундан сўнг Ироқи Ажам, Озарбайжон, Аррон, Муғон, Диёрбакр, Ироқи Арабдан иборат ҳудудлар унинг ҳукми доирасига ўтади ва Қ. Ю. Темурийларга қарашли Султонияга даъвогарлик қилади. Шоҳрух мазкур хавфни бартараф этиш ва акаси Мироншоҳ ўлими учун ҳам қасос олиш мақсадида катта лашкар билан Қора Юсуф устига юриш бошлайди. У Райга етиб борганида Қора Юсуфнинг Ужонда ўлгани ҳақида хабар келади.

Қора Юсуф вафотидан сўнг, унинг ўғилларидан амир Искандар Темурийлар салтанатига тажовуз қилган. Шоҳрух унинг устига катта лашкар тортиб 1429 й. 17—18 сент. да Салмос яқинидаги шиддатли жангда амир Искандар лашкарини тор-мор этган.