ҚОРАБОЛҒАСУН

ҚОРАБОЛҒАСУН, Хара-Балғас — Уйғур хонлиги пойтахти — Ўрду балиқ харобаси (8—9-а. лар). Енисей қирғизлари томонидан 840 й. босиб олиниб, ёндириб юборилган. Ўрхун дарёсининг сўл қирғоғида, Эрдэни-дзу монастири (МХР) дан 15 км шим. да жойлашган. Қораболғасуннинг марказий қисми тупроқ тепалар билан ўраб олиниб, у қалъа ва аркдан жан.-ғарбда бўлган. Калъа ва аркнинг истеҳкомлари ва хом ғиштдан ишланган деворлари 10—12 м баландликда сақланиб қолган, арк ўртасидаги қўриқчи минора бал. 14 м. Шаҳар қатъий режа асосида қурилган. Шаҳар атрофида рабод харобалари, экинзорлар, суғориш каналлари, чорбоғлар, боғлар излари сақланган. қ. харобаларини рус сайёҳлари Н. М. Ядринцев (1889) ва В. В. Радлов (1891) тавсифлашган. 1949 й. С. В. Киселёв раҳбарлигидаги тарих-этнография экс-педицияси қазишма ишлари олиб борган. Қалъа ичида сарой биноси, арк тепасида — кўп қаватли бино, шаҳристонда — темирчи-ҳунарманднинг уйи аниқланган. Қораболғасундан уйғурларнинг 8—9-а. ларга оид сопол идишлари чиққан. Вайронагарчилик ва шаҳарга ўт қўйилганлигининг излари сақланган. Қалъадан жан. да ибодатхоналар мажмуи жойлашган, унга ёндош турар жойлар уйғур хоқонларига тегишли бўлган: бу ерда аждарҳо тасвири ўйиб ишланган фанит стела (устун) топилиб, унга 9-а. даги уйғур хоқонларидан бири шарафига битиклар (уйғур, хитой ва суғд тилида) ёзилган.