ҚОРАКЎЛ ТУМАНИ

ҚОРАКЎЛ ТУМАНИБухоро вилоятидаги туман. 1926 й. 29 сент. да ташкил этилган. Шим. ва шим.-шарқдан Жондор тумани, жан.-шарқдан Олот тумани, жан. ва ғарбдан Туркманистоннинг Лебап вилояти, шим.-ғарбдан Ромитан тумани билан чегарадош. Майд. 9,84 минг км2. Аҳолиси 125 минг киши (2005). Туманда 1 шаҳар (Қоракўл), 11 қишлоқ фуқаролари йиғини (Бандбоши, Жиғачи, Зиёрат, Охунбобоев, Саёт, Човли, Янгибозор, Қозон, қоракўл, Қораун, Қораҳожи) бор. Маркази — Қоракўл ш.

Табиати. Туман ҳудуди Зарафшон дарёсининг қуйи қисмида, вилоятнинг жан. даги Қоракўл воҳасида жойлашган. Шарқий қисми 200—300 м дан баланд бўлмаган қирлар, шим. ва шим.ғарбий қисми Қизилқум чўли, Қоракўл ва Моҳонкўл воҳалари билан банд. Тупроқлари, асосан, бўз тупроқлар. Қоракўл ва Моҳондарёнинг қуруқ ўзани ўтлоқи бўз, қумоқ бўз тупроқлар, аллювиал ётқизиқлардан иборат. Ботиқларда шўрхоклар, тузли массивлар (Замонтов) бор, ғарбий қисмини тақир, қум дюналари ва барханлар эгаллаган. Иқлими кескин континентал. Янв. нинг ўртача т-раси 1,8°, энг паст т-ра —33°, июлнинг ўртача т-раси 28,5°, энг юқори т-ра 45,3°. Вегетация даври 213 кун. Йиллик ёғин 100—150 мм, кўп қисми баҳор ва қишда ёғади. Ёввойи ўсимликлардан эфемер ва эфемероидлар, боялич, коврак, шўра, шувоқ, исириқ, қандим, ялтирбош, ранг, сак-совул ва юлғун ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан юмронқозиқ, эчкемар, қобон, тулки, қўшоёқ, тошбақа, қум бўғма илони, чархилон ва б. яшайди. Қушлардан қарға, тўрғай, тувалоқ, ҳакка, мусича, чуғурчиқ учрайди. Ёввойи ҳайвонлар муҳофаза қилинадиган қўриқхона бор. Экин майдонлари Аму-Қоракўл машина насос ст-ясидан суғорилади. Зарафшон дарёсининг қуйи оқими — Қорақўддарё, асосан, ер ости сувларини оқизувчи коллектор вазифасини бажаради. Фойдали қазилмалардан гил, қумтош, шағал, туз, нефть ва газ бор.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, туркман, татар, рус, қозоқ ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 12,7 киши. Шаҳар аҳолиси 20,9 минг киши, қишлоқ аҳолиси 104,1 минг киши (2005).

Хўжалиги. Туманда пахта тозалаш, ғишт з-длари, МТП, қурилиш ташкилотлари, автокорхона, нефть базаси, дон маҳсулотлари акциядорлик жамияти, деҳқон бозори ишлаб турибди. Кичик, ўрта ва йирик бизнес корхоналари, микрофирмалар, «Қоракўлтекс» қўшма корхонаси фаолият кўрсатади.

Қоракўл туманининг асосий тармоғи пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, полизчилик. Пиллачилик ҳам ривожланган. Ширкат, деҳқон, фермер хўжаликлари мавжуд. Суғориладиган майдонларга пахта, ғалла, картошка, сабзавот ва полиз, ем-хашак экинлари экилади. Мевазор, токзор, тутзорлар бор. Тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда, шунингдек, туя боқилади.

Қоракўл тумани тла 49 умумий таълим мактаби, болалар мусиқа мактаби, касб-ҳунар коллежлари, туман марказий кутубхонаси ва унинг тармоқлари, клуб муассасалари, маданият уйлари, маданият ва истироҳат боғи бор. Туман марказий касалхонаси, поликлиника, туғруқхона, қишлоқ врачлик, фельшер-акушерлик пунктлари, амбулаториялар, дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатади. Қоракўл тумани орқали халқаро т. й. ва автомобиль йўллари ўтган. Туман маркази билан қишлоқлар орасида ҳамда Бухоро ва Қоракўл ш. лари ўртасида автобус ва маршрутли таксилар қатнайди.

1931 й. дан «Қоракўлтекс садоси» туман газ. чоп этилади (адади 1125).

Исроил Назаров, Умар Рашидов.

Loading...