ҚОРАКЎЛ

ҚОРАКЎЛ, қоракўл терилари — қоракўл қўй зотита мансуб 1—3 кунлик қўзилардан олинадиган тери тури (мўйна маҳсулоти). Ноёб хом ашё. Қ. хусусияти турли шакл ва ўлчамдаги зич жингалаклар (мас, ловиясимон, қалами ва ҳ. к.) ҳосил қилувчи қалин, эластик, ипаксимон, ялтироқ жун қопламидир. Энг қимматлиси қалами гуллилари ҳисобланиб, гуллари парал-лелконцентрик, тўғри қаторли жойлашган бўлади. Елка ва думгаза қис-ми, асосан қалами ва дона гуллардан иборат бўлиб, бошқа қисмлари унчалик қимматли бўлмаган жингалаклар — гуллар билан қопланган. Қоракўл териларининг қиммати жингалак қатламининг текислиги, ялтироқлиги, ипаксимонлиги, жунининг енгил, майин, чидамлилиги билан белгиланади. Оқва қора толаларнинг нисбатига қараб қора, оч кўк (сутсимон, пўлатранг); ўрта кўк (ҳаворанг, кумушранг, марваридранг, қўрғошинранг); тўқ кўк (оқишранг, садафранг); қора кўк (қора шерози); сур (Бухоро сури. тилларанг. кумушранг, олмосранг, оч бинафшаранг); Қора-қалпоқ сури (пўлатранг, ўрикгул, шамчироқ, қамбар); Сурхондарё сури (бронзаранг, оқ олтинранг. қаҳраборанг, тошкўмирранг) ва жун қопла-мининг рангига қараб гулигаз, қамбар, зармалла (тўқ сариқ); оқ. шутури, қўнғир, оқ тушган қора каби терилар ҳам бор.

Ҳамма турдаги қ. териларининг гуллари узунлиги ва энига қараб қуйидагича бўлинади. Эни бўйича: майдагул — 4 мм гача; ўртагул — 4 мм дан 8 мм гача; каттагул — 8 мм ва ундан зиёд. Уз. бўйича: калтагул — 20 мм гача; ўртача узунликдаги гул — 20 мм дан 40 мм гача ва узун гул — 40 мм ва ундан узун. Ҳар бир ранг ичида гулларининг ва жун тола қопламининг сифатига қараб 3 навга ажратилади.

Шунингдек, қоракўлча (бирор сабаб билан муддатидан олдин туғилган (120— 140 кунлик) ёки сўйилган она қўйнинг қорнидаги 134—145 кунлик ҳомиладан олинган қоракўл териси) ҳам Қоракўлнинг бир тури ҳисобланади. Унинг гуллари текис, нозик бўлганлиги сабабли юқори қадрланади. Жакетлар, ёқалар, бош кийимлар ва б. маҳсулотлар тайёрлашда ишлатилади.

Қоракўл терилари Хельсинки, Копенгаген, Санкт-Петербург, Лондон, Нью-Йорк ва б. халқаро жаҳон бозорларида сотилади.

Суръат Юсупов.

Prev Article

ҚОРАКЎЛ