ҚОРАМОЛ

ҚОРАМОЛқувушшохлилар оиласига мансуб жуфт туёқли, кавш қайтарувчи ҳайвонлар. Қ. га ҳақиқий буқалар туркумига мансуб йирик хонаки кенжа турлар — сигир, буйвол, қўтос ҳамда гаял, бизон, зубр ва б. киради. Мил. дан бир неча минг йил аввал Европа, Осиё, Америкада тарқалган. Хонаки Қорамол ёввойи буқа (тур) дан келиб чиққан. Еввойи буқаларнинг охирги аждодлари 17-а. бошларида қирилиб кетган. Қорамол 8 минг йил илгари Хиндистонда, сўнг Ғарбий Осиё, Ўрта денгиз, Ўрта Европада хонакилаштирилган. Краниологик белгиларига қараб, Қорамол тўрт асосий кенжа турга бўлинади: дашт ва текис зона европа Қ. и — узу н шохли; тоғ ва ўрмон зонаси Қорамоли — калта шохли; Марказий Осиё Қ. и; Жан. Осиё ва Шим. Африка Қ. и — зебу. Қорамоллар ёши ва жинси бўйича бузоқ, тана, новвос, ғунажин, сигир, буқа ва б. гуруҳларга бўлинади. Маҳсулдорлик турларига қараб сут, сут-гўшт ва гўштсут йўналишидаги зотларга ажратилади. Ошқозони тўрт камерали, елини тўрт сўрғичли. сигирлар 20 (35), буқалар 15— 20 йил яшайди. Сут йўналишидаги сигирлардан хўжаликларда 12—13 йил, зотли буқалардан 5—10 йил фойдаланилади. Қорамол 5 ёшгача (айрим секин ўсадиганлари 6—7 ёшгача) ўсади. Урғочи бузоқ 7—9, эркаги 14—18 ойлигида жинсий етилади. Сигирларнинг бўгозлик даври 285 кун. Сигир, одатда, биттадан бузоқлайди, эгизаклари кам учрайди. Урғочи бузоқ зотига қараб 18—45, баъ-зан 50 кг гача, эркак бузоқ урғочи бузоқдан 1—3 кг ортиқ туғилади. сигирлари 200—600, буқалари 300—900 кг. Қорамол маҳсулдорлиги унинг зоти ва боқилишига боғлиқ. Серсут сигирлардан бир кунда 8—40 кг, бир йилда ўртача 3500—4000 кг (17000 кг гача), ёғлилиги 3,6—4% бўлган сут соғиб олинади. Сигирларнинг серсутлигига қараб 1 кг сут учун 0,8—1.3 озуқа бирлиги сарфланади. Соғим даври 280—320 кун. Гўшт учун боқиладиган қ. зотларидан соғим даврида 1000 кг гача сут соғиб олинади. Тез етиладиган зотлардан тўртинчи, кеч етиладиганларидан бешинчи-олтинчи, баъзан еттинчи соғим даврида энг кўп сут соғиб олинади. сигир сути одам учун қимматли озиқ-овқат маҳсулоти, озиқ-овқат саноати учун муҳим хом ашё (творог, пишлоқ ва б.). Гўшт учун боқиладиган зотларда гўшт маҳсулдорлиги юқори (гўшт чиқими 48—70%), 1,5—2 ёшли бузоқларнинг тирик вазни 400—450 кг. Мол гўшти юқори калорияли, парҳез озиқ-овқат маҳсулоти. Терисидан турли навли чарм, чиқиндилари қайта ишланиб, гўшт-суяк ва қон уни, эндокрин препаратлари, стеарин, елим, совун ва б. тайёрланади. Буқа ва ҳўкизлардан иш ҳайвони сифатида фойдаланилади. Деҳқончилик учун муҳим бўлган органик ўғит (гўнг) олинади. Бир шартли бош мол бир йилда 10 т гўнг беради.

Қ боқиш шароитига яхши мослашади, кўп ҳажмдаги озуқани, дағал ўсимликларни ҳам тез ҳазм қилади. У яйлов ўтлари, силос, илдизмева, аралаш ем, шунингдек, протеин, минерал ва витаминли озуқалар билан боқилади. Вазни, маҳсулдорлиги, физиологик ҳолати, озиқланиши, протеин, минерал моддалар ва витаминларни ҳазм қилишига қараб озиқланиш нормаси белгиланади. Боғлаб (оғилхоналарда) ва яйловларда боқилади (қ. Чорвачилик, Қорамолчилик).

Ўзбекистонда етиштирилаётган сутнинг 98—99% ва гўштнинг 63—65% Қ. лар ҳисобига тўғри келади. Барча тоифадаги хўжаликларда урчитилаётган Қорамоллар сони 5873,9 минг бошни, шу жумладан, сигирлар 2556,7 минг бошни ташкил қилди (2004).

Ўзбекистонда боқиладиган асосий зотлар: қизилчўл, бушуев, қора-ола ва швиц қ. зотлари, шунингдек, қисман жайдари ва зебусимон сигир зотлари ҳам учрайди (яна қ. Қорамолчилик).

Prev Article

ҚОРАМОЙ

Next Article

ҚОРАМУҒ