ҚОРАМОЛЧИЛИК

ҚОРАМОЛЧИЛИК — чорвачиликнинг асосий соҳаларидан бири, аҳолини гўшт, сут маҳсулотлари ҳамда енгил саноатни тери ва б. хом ашё билан таъминлайди. қ. чиқиндиси бўлган гўнг деҳқончиликда ерлар унумдорлигини оширишда кенг қўлланилади (баъзи мамлакатларда қорамолдан иш ҳайвони сифатида фойдаланилади). Қорамолчилик хўжалик тармоғи сифатида ёввойи қорамол турлари хонакилаштирилган пайтдан пайдо бўлган. Дастлаб қорамолдан гўшти учун ҳамда иш ҳайвони сифатида фойдаланилган. Сут истеъмол қилина бошлагач, одамлар ундан ёғ, пишлоқ ва б. маҳсулотлар тайёрлашни ўргандилар, натижада сут Қорамолчилик ининг аҳамияти ошди, сут саноати шаклланди.

Қорамолчилик қадимдан ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида интенсив шароитларда ва яйлов усулидаривожланган. 19-а. охирига қадар Қорамолчиликнинг асосий қисмини каммаҳсул, жуссаси майда жайдари ҳамда зебусимон қорамоллар ташкил қилган. 20-а. нинг 20-й. ларидан бошлаб республикада маҳаллий ва зебусимон қора-молларни маданий қораола, қизилчўл ва швиц зотлари билан чатиштириш асосида маҳсулдор подалар гуруҳини шакллантириш ҳамда наслдор соф зотли қорамолларнинг репродуктор хўжаликларини ташкил этиш, давлат ва кооператив хўжаликлари Қорамолчилик сут-товар фермаларини ривожлантириш ва сутчилик комплексларини ташкил этиш, Қорамолчиликни ихтисослаштириш, концентрациялаш ва саноат технологиялари асосига ўтказиш ишлари амалга оширилди. Қорамолчиликнинг сут, сут-гўшт, гўшт ҳамда наслчилик йўналишидаги хўжаликлар, наслчилик з-длари, хўжаликлари ва фермалари ташкил этилди. натижада 80-й. ларга келиб қорамоллар зотдорлиги 98—99% га етказилди. Наслдор сигирларнинг 3800—4100 кг сут берадиган подалари барпо этилди. Гўштчилик комплексларида парвариш қилинган новвослар вазни 12—13 ойлигида 400—420 кг га кўтарилди. Туманларда ташкил этилган хўжаликлараро бўрдоқичилик корхоналарида қорамолларни жадал боқиш ва бўрдоқилаш ижобий натижалар берди. Қорамолчилик амалиётининг тараққий этишида илғор тажриба ва фан ютуқлари муҳим роль ўйнади. 1932 й. да чорвачилик тажриба ст-ясининг ва 1939 й. да Ўзбекистон чорвачилик и. т. институтининг ташкил этилиши чорвачилик ва хусусан Қорамолчилик соҳасида муҳим бурилиш бўлди. Қорамолчилик ривожининг типологик, озуқа ва селекция асослари ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга кенг жорий қилинди. 1924 й. да қорамоллар сони 1229,4 минг бошни, шу жумладан, сигирлар 407,5 минг бошни ташкил қилган бўлса, 1991 й. да бу кўрсаткичлар тегишлича 4580,8 ва 1856,4 минг бошга, 2004 й. да 5873 ва 2556,7 минг бошга етди. 1924 й. да гўшт етиштириш (тирик вазнда, минг т) 84,0, 1991 й. да 789, 2003 й. да 935,5; сут етиштириш тегишлича 262,0, 3034,2 ва 4030,3 ни ташкил этди. сигирлардан ўртача сут соғиб олиш 1924 й. да 400 кг дан 1990 й. да 1685 кг га, қорамолларни гўштга топшириш вазни 150 кг дан 401 кг гача кўтарилди. Кейинги 14—15 й. мобайнида қорамоллар сони ва етиштирилган ялпи чорва маҳсулотлари ҳажми ўсди. Қорамолчилик соҳасида ташкил этилган фермер хўжаликларида маҳсулдорлик кўрсаткичлари яхшиланди. 1990 — 2003 й. ларда республикада қорамоллар сони 1293,9 минг бошга ёки 28,3%га, сигирлар сони 700,3 минг бошга ёки 37,7% га кўпайди.

Ўзбекистонда Қорамолчилик бўйича илмий тадқиқот ишлари Ўзбекистон чорвачилик и. т. ин-тида олиб борилади. Қорамолчилик фан сифатида олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг зоомуҳандислик ва ветери-нария ф-тларида ўқитилади.

Хорижий давлатларда сут йўналишидаги Қорамолчилик, айниқса, Голландия, Дания, Германия, Исроил, АҚШ, Канада, Япония ва Янги Зеландияда ривожланган (сигирларнинг ўртача сут соғими 8—11 минг кг). Гўштдор қ. АҚШ Франция, Англия, Италия, Канада ва Австралияда ташкил этилган (гўшт олинадиган 14—15 ойлик новвослар вазни 500—550 кг). Дунё мамлакатларида урчитилаётган қорамоллар сони 1,33 млрд. бош атрофида (1999). Жаҳонда турли табиий иқлим шаро-итларига мослашган 250 дан ортиқ қорамол зотлари боқилади.

Ад.: Носиров У. Н ., Қорамолчилик, Т., 2001.

Убайдулла Носиров.

Loading...