ҚОРАЎЗАК ТУМАНИ

ҚОРАЎЗАК ТУМАНИҚорақалпоғистон Республикасидаги туман. 1928 й. да тузилган. 1959 й. март ойида Тахтакўпир туманига қўшиб юборилган. 1975 й. 26 ноябрда қайта ташкил этилган. Шим. дан Мўйноқ, ғарбдан Чимбой, Кегей-ли, Нукус туманлари, жан. ва жан,-шарқдан Амударё, Беруний туманлари, шарқдан Тахтакўпир тумани билан чегарадош. Майд. 5,9 минг км2. Аҳолиси 44,2 минг киши (2005). Туманда 1 шаҳарча (Қораўзак), 8 овул фуқаролари йиғини (Маданият, Бердақ, Есимўзак, Олғабос, Қорабуға, Қоракўл, Қораўзак, Қўйбоқ) бор. Туман маркази — Қораўзак шаҳарчаси.

Табиати. Ер юзаси, асосан, текислик. Туманнинг шим.-шарқий қис-мини Белтов қирларининг қумликлари, жан. қисмидаги катта ҳудудни Тошқудуқ қумликлари эгаллаган. Жан. чек-касида Султон Увайс тоғи (энг баланд жойи — Қорачинғил 485 м) жойлашган. Иқлими кескин континентал. Ёзи иссиқ, қиши совуқ. Янв. нинг ўртача т-раси — 5° дан — 8°гача. Энг паст т-ра —35°, июлники 26—28°. Энг юқори т-ра июлда 42°. Совуқ бўлмайдиган давр 195—200 кун. Йиллик ёғин 110 мм, асосан, қиш ва баҳор ойларида ёғади. Туман хўжаликлари Қувониш-жарма канали тармоқлари — Есимў-зак, Кўкўзак ва Марказий каналларидан сув олади. Жан. чеккасидан Амударё оқиб ўтади. Тупроқлари ўтлоқибўз, қумлоқ-бўз, ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ ва шўрхок тупроқлар. Жан. қисмида катта кўчма ва ярим кўчма қумликлар бор. Табиий ўсимликлардан шўра, ажриқ, буғдойиқ, қамиш; қумлоқ ерларда шувоқ, ранг, жузғун; қумларда саксовуллар, боялич, черкез ва б. ўсади.

Ёввойи ҳайвонлардан судралиб юрувчилар (калтакесаклар, тошбақа, илонлар) ва кемирувчилар (юмрон-қозиқ, каламуш, сичқонлар) яшайди. Шунингдек чиябўри, бўрсиқ, жайран, тулки; қушлардан хўжасав-догар, бургут, сувларида балиқлар бор.

Аҳолиси, асосан, қорақалпоқ, ўзбек ва қозоқлар, шунингдек, рус, корейс, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 7,5 киши. Шаҳар аҳолиси 12,3 минг киши, қишлоқ аҳолиси 31,9 минг киши.

Хўжалиги. Туманда қурилиш ташкилотлари, ипакчилик, дон қабул қилиш бошқармаси, пахта тозалаш з-ди, 3 пахта қабул қилиш пункти, 2 автокорхона, МТП, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохоб-чалари, кичик ва ўрта бизнес корхоналари, микрофирмалар бор. Электр энергияни Тахиатош иссиқлик электр станциясидан олади. Туман қ. х. нинг асосий тармоғи пахтачилик бўлиб, чорвачилик, шоликорлик, ипакчилик ҳам ривожланган. Қораўзак туманида 1 чорва ширкат хўжалиги, 1 тажриба хўжалиги, 500 дан зиёд фермер хўжалиги мавжуд. Умумий майд. 587,1 минг га, шу жумладан, суғориладиган майдонлари 32,1 минг га. Умумий экин майд. 14,8 минг га, шу жумладан, 3,3 минг га ерга пахта, 7,9 минг га майдонга дон экинлари; 127 га ерга сабзавот, 446 га ерга полиз экинлари экилади (2005). Мевали боғлар бор. Тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларда 17,7 минг қорамол, 47,5 минг қўй ва эчки, 923 йилқи, 226 туя боқилади.

Туманда 32 умумий таълим мактаби ва 1 лицей (10,2 минг ўқувчи), болалар мусиқа мактаблари, қ. х. касб-ҳунар коллежи (450 талаба), 2 маданият уйи, 235 минг китобга эга бўлган 2 кутубхона бор. Тиббиёт соҳаси бўйича 210 ўринли касалхона, 22 фельд-шер-акушерлик пункти, 2 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 9 қишлоқ врачлик пункти ва б. тиббий муассасаларда 62 врач, 566 ўрта тиббий ходим ишлайди. Қораўзак туманидан Халқобод орқали Нукус ш. гача бўлган 72 км ли масо-фада автобус ва маршрутли таксилар қатнайди.

Loading...