ҚОРАҚУРУМ

ҚОРАҚУРУМ — Марказий Осиёдаги тоғ системаси, Ҳиндистон (Жамму ва Кашмир штатларида) ва Хитой ҳудудларида. Ер юзидаги энг баланд тоғ системаларидан бири. Шим. да Помир ва Куньлун, жан. да Ҳимолай ва Ганди-сишан тизмалари оралиғида. Уз. 500 км, шарқидаги Чангченмо ва Пангонг тизмалари билан бирга 800 км чамасида. Эни 150—250 км. Ўртача бал. 6000 м, энг баланд жойи 8611 м (Чогори чўққиси). Бир қанча чўққиларининг бал. 8000 м дан зиёд. Қорақурум альп бурмаланишида вужудга келган бўлиб, ялон-ғоч қояли чўққилар, тошлоқ, тик ён багирли чуқур даралар, қурумлар хос. Замини гранит, мармар, кристалли сланец, гнейс, вулканоген чўкинди жинслардан таркиб топган. Иқлими кескин континентал, чўл иқлими. Жан. ён бағри Ҳинд океани муссонлари таъсирида бир оз сернам. Йиллик ёғин 100—500 мм. Музликлар майд. 16,3 минг км2, йириклари: Сиачен (уз. 75 км), Балторо, Римо. Қорақурум Ҳинд ва тарим дарёлари ўртасида сувайирғичдир. Дарёлари қор ва музликлардан тўйинади. Оқмас кўл ва ботқоқликлар бор. 3000—3500 м баландликкача қарағай, ҳимолай кедри, дарё водийларида тол, терак ўрмонлари ўсади. Шим. ён бағирлари совуқ чўл ва қуруқ дашт, жан. муссон таъсиридаги ён бағри дашт ландшафтли, альп ўтлоқлари бор. Тоғ ён бағирларида донли экинлар экилади, мол боқилади, боғ ва токзорлар барпо қилинган.

Next Article

ҚОРАҚУШ