ҚОРАСОВУҚ — ҳавонинг ўртача суткалик т-раси мусбат бўлган ҳолда, ўсимлик қоплами ва тупроқ усти ҳаво қатламининг 0° ва ундан ҳам пасайиши. Бу ҳодиса юз берганда барглар совуқ таъсирида қора тус олади, шунинг учун баҳор ва эрта кузда бўладитан бу совуқни деҳқонлар одатда, қора совуқ деб атайдилар. Қорасовуқ хавфи унинг бошланиш муддати ва давомийлиги, шунингдек, ўсимлик тури, унинг нави, ривожланиш фазаси ва агротехника шароитларига боғлиқ. Дала экинлари Қорасовуқ ларга чидамлилига қараб бир неча экологик гуруҳларга бўлинади. Қорасовуқ тўғрисидаги маълумотлар совуқ хавфи бўлган ҳудудларни белгилаш, экиш муддатларини аниқлаш, иссиқсевар ўсимликларни рационал жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш, қ. х. экинларини етиштириш шароитларини агроиқлимий баҳолаш, совуқнинг зарарига қарши тадбирларни ишлаб чиқиш ва б. да қўлланилади. Қорасовуқ ҳосилнинг сифатига ва миқдорига катта зиён етказади. Қорасовуқлар совуқ ҳаво массаларининг бошқа р-нлардан (кўпинча Арктикадан) келиши (адвектив Қорасовуқ) ёки тупроқ юзаси ва ўсимлик қопламининг тунги радиацион совиши (радиацион Қорасовуқ) натижасида вужудга келади. Деҳқончилик учун кеч баҳорги Қорасовуқ (айниқса, тупроқ юзасида) жуда хавфлидир, чунки бу вақтда вегетация даври бошланган бўлиб, бундай совуқлар ўсимлик майсаларининг қаттиқ шикастланишига олиб келиши мумкин (ниҳоллар 0,5 дан — 1,5°да шикастланади, барглар қорайиб кетади). Жан. р-нларда (40° шим. кенглик жануброғида) Қорасовуқлар ўртача олганда март ойининг иккинчи ярмида тугайди, шимолга борган сайин унинг тугаш муддати кечикади. Баҳорда тупроқ юзасидаги энг кечки Қ, асосан, май ойининг биринчи ярмида кузатилади (Устюрт, 44° шим. кенгликдан шимолроқ-да). Қорасовуқнинг қайси муддатларда юз беришига жойнинг рельефи, тупроқ юзасининг хусусияти ва б. омиллар катта таъсир кўрсатади. Баланд жойларда Қорасовуқлар, одатда, кечроқ тугайди. Тупроқ юзасидаги биринчи кузги Қ. Ўрта Осиёнинг жан. текислик қисмида (40° шим. кенгликкача) 15 окт. га қадар кузатилади. Шимолга борган сари Қ. нинг ўртача юз бериш муддати окт. ойининг бошларига, Устюрт платосида эса сент. нинг охирига сурилади. Ҳаводаги Қорасовуқ, одатда, тупроқ юзасига нисбатан бир неча кун кечроқ кузатилади. Охирги баҳорги Қорасовуқ билан биринчи кузги Қорасовуқ орасидаги давр совуқсиз давр деб аталади. Ўзбекистонда совуқсиз даврнинг ўртача кўп йиллик давомийлиги чегаралари жуда катта ва жанубишарқий қисмида энг узоқ давом этади. Текисликларда совуқсиз давр 150—250, тоғларда 50—150 кунгача.
Қорасовуқ бўлганда экин майдонларини иситиш учун турли усуллар (тутатиш, экинларни қоғоз, плёнка ва б. матери-аллар билан ёпиш) қўлланилади. Сугорма деҳқончилик минтақаларида экинларни кеч баҳорги ва эрта кузги вақтинчалик Қорасовуқдан сақлаш учун далалар суғорилади. Қорасовуқ зарарини бартараф этишда совуқсиз давр қисқа бўлган ҳудудларда эртапишар навларни экиш, совуққа чидамли навларни яратиш. шунингдек, агротехника тадбирларини ўз вактида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳамидулла Абдуллаев.