ҚОРАТОҒ ЗИЛЗИЛАСИ

ҚОРАТОҒ ЗИЛЗИЛАСИ — 1907 й. нинг 21 окт. ида Ҳисор тоғининг жан. тизмаларида содир бўлган. Зилзиладан аввал ер остилан жуда даҳшатли гулдираган товуш эшитилиб, кетма-кет ер қимирлашлар натижасида 100 км масофада 150 дан ортиқ қишлоқ вайрон бўлган, 1500 дан ортиқ киши ўлган. Шунингдек, Тўполондарё соҳилларида кўчкилар, ўпирилмалар содир бўлган. Дунёдаги энг кучли зилзилалар қаторидан ўрин олган бу зилзила ўчоғи уч жойда 20—25 минут орасида содир бўлди. 9—10 балли тебраниш майдони 2000 км3 ғги ташкил этган. Зилзилалардан тарқалган сейсмик тўлқинлар 500—600 км масофада ҳам сезилган.

Биринчи зилзила Сурхон водийсининг шим. қисми билан Мачитли тоғининг орасида жойлашган ер узилмасида 21 окт. соат 4 дан 23 мин. ўтганда 30 км чуқурликда пайдо бўлган. Эпи-центрда унинг кучи 9—10 балл бўлиб, магнитудаси 7,5 га етган. Орадан 20 мин. ўтмасдан иккинчи марта ер силкиниб, эпицентри ғарбла, 30 — 35 км келадиган Сурхон тоғи ён бағ-рида 9 балли куч б-н, 24 км чуқурликда содир бўлган ва Бойсун атрофидаги қишлоқларни яксон қилган. Орадан 5—6 мин. ўтар-ўтмас учинчи зилзила шарқ томонла жойлашган қоратоғ дарёси атрофларида 20 км чуқурликда ҳаракатга келган. Бу зилзи-лаларнинг кучи 9 баллдан ортиқ, маг-нитудаси 7—7,3 га тенг бўлган. Орадан 6 кун ўтгач, Мачитли тоғининг шим.-шарқида жойлашган Чўянчи қишлоғи атрофида магнитудаси 6,2 бўлган 8—9 балли ер силкиниши такрорланди. Зилзила эпицентрларининг иккитаси ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.

Бу зилзилалар умуман тўртламчи даврдан ҳоз. гача Ҳисор узилмалари бўйича вақт-вақти билан бўлиб турадиган тектоник ҳаракатларнинг фаолли-гини кўрсатади. 1935 (Бойсун), 1943 (Файзобод), 1949 (Хайит) ва 1968 (Бойсун) йиллардаги 8, 9, 10 балл билан силкинган зилзилалар бу жараёнга мисол бўлади.

Қоратоғ зилзиласидан юзага келган сейсмик тўлқинлар Жиззах атрофларида 5—6, Самарқандда 6—7, Термиз, Панжакент, Хўжанд, Андижонда 4—5, Тошкентда 4 балл билан сезилган.