ҚОРАХИТОЙ ГАЗ-НЕФТЬ КОНИ — Қашқадарё вилояти Косон туманидаги кон. Қарши ш. дан 20 км шим.-шарқда. 1961 й. да очилган. 1965 й. да фойдаланишга топширилган. Кон рельефи кучсиз табақаланган текисликдан иборат. Қорахитой газ-нефть кони Муборак кўтарилмасининг жан. қисмидаги энг баланд майдонда, 15горизонт шипи бўйича асимметрик брахиантиклиналь бурмада жойлашган. Бурма шим.-ғарбий йўналишда чўзилган, унинг гумбази кўтарилма-узилма кўринишида. Қорахитой газ-нефть конида жами 17 та қудуқ қазилган; палеозой эраси, юра, бўр ва неоген, тўртламчи давр жинслари очилган. Саноат миқёсидаги газ-лилик қуйи бўр даврининг (12-, 13горизонтлар), нефтьгазлилик эса, юқори юра даврининг ётқизиқлари билан боғлиқ. Газ уюми тўлиқ қатламли, гумбазли, тектоник тўсилган типга мансуб. Уюм ўлчами 4,3×2,05 км, бал. 155 м. Газга тўйинган қатлам қалинлиги 23,3 м. Нефть уюми устида газ қопқоғи мавжуд. Нефть юқори олтингугуртли (2,35%), смолали (15,5 — 30%), парафинли (2,29-4,01%). Қ. г.-н. к. захирасига кўра кичик конлар тоифасига киради. Ҳоз. кунда кондан фойдаланилмокда.