ҚОРИЙ ХЎҚАНДИЙ (тахаллуси; асл исми Мулла Мирмаҳмуд Миршамсиддин ўғли) (1828 — Қўқон ш. Сармозор даҳаси — 1906) — шоир ва хаттот. 19-а. ўзбек адабиётининг истеъдодли намояндаларидан. Қўқондаги Норбўтабий мадрасасида таълим олган. Араб ва форс тилларини, сарф, наҳв ва луғат илмини чуқур ўзлаштирган. Ҳасанқори домладан қироат илмини ўрганиб, Қуръон ҳофизи — қорилик унвонига эришган. Шеърларида ҳам «Қорий» тахаллусини қўллаган. Қўқоннинг Хўжанд даҳаси Ғозиёғлиқ маҳалласидаги катта масжидда узоқ йиллар имомлик қилган. Қорий Хўқандий мукаммал ҳуснихат эгаси — хаттот ҳам бўлган. Қорий Хўқандийнинг ўзи кўчирган (2 дастхат) «Девон»и, Мажзуб Намангонийнинг «Девон»и, Баҳоуддин Нақшбанднинг рисоласи, Муқимий билан ҳамкорликда кўчирган катта баёзи ва яна бир неча асарлар бизгача етиб келган.
«Девон»идан ғазал, мухаммас, мувашшаҳ ва таърих жанридаги шеърлар ўрин олган. Ғазаллари ошиқона ва орифона мазмунда бўлиб, соф лирик характерга эга. Мухаммаслари (65 та) ўзбек ва форс тилларида яратилган, уларнинг аксарияти форс адабиёти классиклари Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Бедил, Аҳмад Жомий, Осафий, Соиб кабиларнинг, туркий адабиёт классикларидан эса Алишер Навоий, Фузулий, Амирий, Машраб, Залилий, Ғозий, Увайсий, Азимий каби ижодкорларнинг ғазалларига боғланган тахмислардир. Қорий Хўқандий шеърлари Аллоҳга ҳамдлар, айниқса, пайғамбаримиз муҳаммад (сав) га бағишланган наътларнинг кўплиги билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, унинг ижодида гўзал маҳбубанинг ёрқин тасвири ва унга бўлган муҳаббат ситамлари акс этган мисралардан ташкил топган шеърлар ҳам салмоқли ўринни эгаллайди. Девони Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти қўлёзмалар фондида (инв. №2310) сақланади.
Лс. Девони Қорий, Т., 1912; Ўзбекадабиёти тарихи хрестоматияси. 2-ж.. Т., 1945; Ўзбек адабиёти, 1-китоб, Т., 1960.
Ад.: Қайюмов П.. Тазкираи Қайюмий. 2-китоб, Т., 1998.
Отабек Жўрабоев.